Ўзбекистон | 16:16 / 24.05.2016
18108
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда ШҲТ ТИВ раҳбарлари кенгаши йиғилиши якунланди

24 май куни Тошкент шаҳрида ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти йиғилиши якунланди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ сайти хабар берди.

Йиғилишда Ўзбекистон ТИВ раҳбари Абдулазиз Комилов, Қозоғистон ТИВ раҳбари Ерлан Идрисов, Хитой ТИВ раҳбари Ван И, Қирғизистон ТИВ раҳбари Эрлан Абдиллаев, Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров, Тожикистон ТИВ раҳбари Сирожиддин Аслов, ШҲТ бош котиби Рашид Алимов ҳамда ШҲТнинг Ҳудудий аксилтеррор тузилмаси ижроия қўмитаси директори Евгений Сисоев иштирок этди.

Ишчи йиғилишда "ШҲТ ташкил топганининг 15 йиллиги муносабати билан расмий Тошкент тайёрлаган декларация лойиҳаси" ҳамда кун тартибидаги масалаларга бағишланган бир қатор ҳужжатлар имзоланди. Шунингдек, ташкилотга Ҳиндистон ва Покистонни қабул қилиш масаласини Давлат раҳбарлари кенгашига кўриб чиқиш учун тақдим этишга қарор қилинди.

Мулоқот бўйича шерик мақомини бериш тўғрисида Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа Қироллиги ва Непал билан меморандумлар имзоланганлиги вазирлар томонидан маъқулланди.

Вазирлар томонидан таъкидлаганидек, ШҲТ Хартияси ва бошқа асосий ҳужжатларига мувофиқ равишда терроризм, сепаратизм, экстремизм, наркотикларни ноқунуний ишлаб чиқариш ва тарқатиш, трансчегаравий жиноятчиликлар, замонавий ахборот технологияларини қўллаган ҳолда амалга ошириладиган жиноятлар, ноқунуний миграция ва одам савдоси воситаларига қарши умумий курашиш бўйича тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ташкилот доирасидаги ҳамкорликнинг устувор вазифаларидан бири бўлиб қолади.

Шунингдек долзарб минтақавий ва халқаро муаммолар, уларнинг ривожланиш тенденциялари, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкмалаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

ШҲТнинг 15 йиллигига бағишланган Тошкент декларацияси ва Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган ШҲТга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишининг якунлари бўйича ахборот лойиҳалар ҳамда Бош котиб Рашид Алимов томонидан тақдим этилган ўтган йилда ташкилот Котибиятининг фаолияти тўғрисидаги ҳисобот тасдиқланди.

Делегация раҳбарлари ташкилот фаолияти ва Тошкентда бўлиб ўтадиган ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишига оид қатор масалалар бўйича ҳам қарорлар қабул қилишди.

Вазирлар ШҲТда раислик қилаётган Ўзбекистон томонидан ШҲТга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари кенгашининг Тошкент шаҳрида ўтказиладиган йиғилишига тайёргарлик бўйича олиб борилаётган ишларга юқори баҳо беришди.

Бу йиғилиш 23-24 июнь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган ШҲТ Саммитига тайёргарлик доирасидаги охирги йиғилиш бўлди.