Иқтисодиёт | 08:15 / 26.05.2016
6826
1 дақиқада ўқилади

Brent нефти нархи 2015 йил ноябридан буён биринчи марта баррелига 50 доллардан ошди

Brent нефти нархи 2015 йил ноябридан бери биринчи маротаба 50 доллардан ошди. Бу ҳақда Лондоннинг ICE биржасидаги савдолар маълумотлари дарак бермоқда.

Тошкент вақти билан соат 06:37га бу кўрсаткич 50,03 долларни ташкил қилган ва аввалги нархга нисбатан 2,8 фоизга ошган. 

Нью-Йоркнинг NYMEX биржасида WTI нефтининг июль фьючерслари 0,94 фоизга ошди ва бир баррели учун 49,65 долларни ташкил қилди.

Бундай ижобий натижалар ортида Россия рубли ҳам мавқеини мустаҳкамлади. Москва биржасида бир доллар савдолар охирида 65,50 рублни (68 тийинга арзонлашган), евро 73,08 рублни (62 тийинга арзонлашган) ташкил қилди. 

16 май куни Goldman Sachs банки нефть нархи қазиш ҳажми камайиши сабабли ошиши ҳақидаги прогнозни чоп этганди. Охирги ҳафталарда нефть қазиб олиш ҳажми кутилмаган вазиятлар – Канададаги ўрмон ёнғинлари ва Нигерияда террорчиларнинг нефть қувурларига ҳужуми оқибатида камайиб борган.