Ўзбекистон | 20:14 / 26.05.2016
84819
7 дақиқада ўқилади

Президент қарорига кўра 2016/2017 ўқув йили учун қабул квоталари тасдиқланди

Республика иқтисодиёти тармоқлари ва минтақаларида талаб этиладиган ихтисосликлар бўйича юқори малакали кадрларни сифатли тайёрлашни таъминлаш, олий таълим муассасаларига қабул қилишда иш берувчиларнинг олий маълумотли мутахассисларга бўлган талаб-эҳтиёжларини, шунингдек, иқтисодиётда таркибий ўзгартиришларнинг мақсадли ўрта муддатли дастурларини амалга ошириш, тармоқларни модернизациялаш, техник қайта жиҳозлаш ва диверсификациялашни, мамлакат минтақаларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни ҳисобга олган ҳолда ўзаро боғлиқлиги ва мутаносиблигини кучайтириш мақсадида:

1. Маълумот учун қабул қилинсинки, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Меҳнат вазирлиги, Молия вазирлиги, ўз тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар билан биргаликда, акциядорлик компаниялари, хўжалик бирлашмалари ва корхоналар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари иштирокида:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 23 июндаги “Республика олий ўқув юртларига қабул қилиш параметрларини шакллантириш механизмини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2360-сонли қарорига мувофиқ олий ўқув юртларига қабул қилиш параметрлари ва янги қурилаётган корхоналарнинг ҳудудий жойлашуви, иқтисодиётдаги таркибий ўзгартиришлар бўйича дастурий чора-тадбирларни, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник қайта жиҳозлаш ва диверсификациялаш, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш омилларини таҳлил қилишни ҳисобга олган ҳолда олий ўқув юртларининг битирувчиларига нисбатан иш берувчиларнинг талаб-эҳтиёжи баланс ҳисоб-китоблари ишлаб чиқилди;

иқтисодиёт тармоқлари ва секторларининг олий маълумотли мутахассислар билан амалда таъминланганлигини экспертизадан ўтказиб баҳолаш натижаларига кўра бакалавриат тайёрлашнинг 18 та янги мутахассислиги жорий этилишини назарда тутувчи олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари рўйхатига тегишли ўзгартиришлар киритилди;

олий ўқув юртларининг аниқ йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича битирувчиларига нисбатан истиқболга мўлжалланган талаб-эҳтиёжга, шунингдек, битирувчиларнинг танланган мутахассислик бўйича ишга жойлашуви мониторинги асосида 2016/2017 ўқув йилида олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш квоталари шакллантирилди. 

2. 2016/2017 ўқув йили учун:

бакалаврларни 57907 нафар, шу жумладан, давлат грантлари бўйича – 19120 ва тўлов-контракт асосида – 38787 нафар миқдорида 1-иловага мувофиқ;

магистрларни 5000 нафар, шу жумладан, давлат грантлари бўйича – 1548 ва тўлов-контракт асосида – 3452 нафар миқдорида 2-иловага мувофиқ;

Тошкент кимё-технология институти (Қўнғирот бўлими)нинг махсус сиртқи бўлимида бакалаврларни тайёрлаш давлат грантлари бўйича 65 нафар ва Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус сиртқи бўлимида – 50 нафар, шу жумладан, давлат грантлари бўйича – 15 нафар ва тўлов-контракт асосида – 35 нафар қабул қилиш умумий квоталари 3-иловага мувофиқ белгилансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази, Тошкент тиббиёт академиясининг 2016/2017 ўқув йилидан бошлаб Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиалига ўқишга қабул қилишни тўхтатиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

жаҳоннинг ривожланган мамлакатларидаги етакчи университетлар ва олий ўқув юртлари билан қалин ҳамкорлик доирасида кенг кўламда иштирок этган ҳолда 2016/2017 ўқув йили бошлангунга қадар барча ўқув режалари ва дастурлари тубдан қайта ишлаб чиқилишини ниҳоясига етказишни таъминласин, фанларни ўқитишнинг эскирган, умрини ўтаб бўлган ёндашув ва услубларидан батамом воз кечишни, бакалавриат ва магистратурада жаҳон фани ва илғор педагогик технологияларнинг замонавий ютуқларига асосланган янги ўқув режалари ва дастурларини жорий этишни, шунингдек, таълим жараёнида уларни амалга ошириш ҳамда олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш учун биринчи навбатда фундаментал ва техник мутахассисликлар бўйича етакчи хорижий олимлар ва ўқитувчиларни жалб этишни назарда тутсин;

олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари фаолиятига баҳо беришда ва моддий рағбатлантиришда уларнинг хорижий тилларни қай даражада эгаллаганлигига ҳамда замонавий педагогик, мультимедиа ва ахборот-коммуникация технологияларини ўқув жараёнида қўллай олиш савиясига аҳамият берсин;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 12 июндаги ПФ-4732-сонли Фармонига биноан ташкил қилинган мамлакат олий ўқув юртларининг 15 та таянч марказларида олий таълим муассасаларининг раҳбар ва профессор-ўқитувчилар таркибини янги ўқув дастурлари ва таълим услублари бўйича қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни 2016 йилнинг 
1 июлидан ташкил қилишни таъминласин, шу мақсадда чет эллардаги етакчи олий таълим муассасаларининг олимлари ва профессорларини кенг жалб қилсин.

5. 2016/2017 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси (кейинги ўринларда – Давлат комиссияси)нинг таркиби 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Давлат комиссиясига бакалавриат тайёрлашнинг йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича олий таълим муассасаларига кириш чоғида абитуриентлар тўплаган балларнинг рейтинг баҳосини ҳисобга олган ҳолда бакалавриат ва магистратурага қабул қилишнинг белгиланган умумий квоталари доирасида олий таълим муассасаларига қабул қилиш параметрларига ўзгартишлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

6. Ўз тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан биргаликда бир ҳафта муддатда ўзларига қарашли олий таълим муассасалари доирасида бакалавриат ва магистратура бўйича давлат гранти ҳамда тўлов-контракт асосида ўринлар квотасини таълим тилларига қараб тақсимлашга оид таклифларни Давлат комиссиясига тасдиқлаш учун киритсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Халқ таълими вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан биргаликда:

Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлар классификаторига янги киритилаётган бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича белгиланган тартибда ўзгартиш ва қўшимчалар киритсин;

шу йилнинг 1 августига қадар янги киритилаётган бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқиб, белгиланган тартибда тасдиқласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2016/2017 ўқув йилида давлат грантлари асосида бакалавриат ва магистратурага қабул қилиш бўйича белгиланган квоталарни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан зарур маблағлар ажратилишини таъминласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўз тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан биргаликда:

бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

ўзларининг идоравий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.Мирзиёев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.КАРИМОВ

Тошкент шаҳри, 2016 йил 26 май