Ўзбекистон | 16:08 / 27.05.2016
19010
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон 2016 йили 500 млн кВтс электр энергияси тежашни режалаштирмоқда

Ўзбекистон энергия ҳажмини камайтириш чора-тадбирларини амалга ошириш ҳисобига 2016 йилда 500 миллион кВтс электр энергияси ва 150 миллион куб метр табиий газ тежашни режалаштирмоқда.

Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлигининг маълумотларига кўра, Иқтисодиётнинг базавий тармоқларида қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар умумий миқёсда 250,1 миллион кВтс электр энергияси, 3 миллион куб метр табиий газ ва 20,1 Гкал иссиқлик энергиясини иқтисод қилишга олиб келади.

Айни вақтда 2015-­2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сарфи ҳажмини қисқартириш, энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-­тадбирлари дастури амалга оширилмоқда. Ҳужжатда сотилаётган маиший электр ускуналари, янгидан қурилаётган бино ва иншоотларни энергетик маркалаш ва сертификатлаш, саноат ва ижтимоий объектларни технологик жараёнларни рационализациялаш базасида модернизация қилиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини фақатгина энергия самарадор ва энергиятежамкор технологиялар асосида барпо этиш, янги турар-жой ва маъмурий биноларни қуриш ва реконструкция қилишда энергия самарадорлигини таъминлаш, босқичма-босқич қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш, шунингдек, энергиятежамкор қурилмалар, ускуналар ва материаллар ишлаб чиқарилишини кенгайтириш, уларни иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий секторда кенг қўллаш кўзда тутилган.

Иқтисодиёт вазирлиги ва Жаҳон банки гуруҳи ҳамкорликдаги "Саноат корхоналари энергия самарадорлигини ошириш" лойиҳасини амалга оширмоқда. Лойиҳа технология ва ускуналарни янгилаш, уларни замонавий, энергетик жиҳатдан янада самарали қурилмаларга алмаштиришни амалга оширувчи саноат корхоналари кредитлаш механизмини кўзда тутади. 

Лойиҳа доирасида нефть-газ, тоғ-металлургия, кимё, қурилиш, қайта ишлаш ва электроэнергетика соҳаларида фаолият юритувчи 30дан ортиқ корхоналар мазкур лойиҳада иштирок этишади. Улар 80та сублойиҳани амалга оширишади.

Ушбу лойиҳаларнинг муваффақиятли амалга ошиши бир йилда 540 миллион кВтс электр энергиясини ва 252 миллион куб метргача табиий газни тежаш имконини беради.

Аввалроқ Ўзбекистон 2030 йилга қадар ялпи миллий маҳсулот ҳажмини икки баробарга ошириш баробарида энергия сарфини ҳам икки мартадан кўпроққа қисқартириш вазифасини қўйгани хабар қилинган эди.