Спорт | 10:52 / 29.05.2016
6462
2 дақиқада ўқилади

Нўъмон Ҳасанов «Нефтчи»га қарши мағлубиятдан кейин «Пахтакор» бош мураббийлигидан истеъфога чиқди

28 май куни Олий Лиганинг 10-тури доирасида «Нефтчи»га қарши кечган учрашувда 1 киши кўп бўла туриб, ўз майдонида 1:2 ҳисобида қайд этилган мағлубиятидан кейин Нўъмон Ҳасанов «Пахтакор» бош мураббийлигидан кетди. Бу унинг бошқарувидаги жамоанинг қаторасига тўртинчи ўйинда мағлубиятга учраши эди.

«Нефтчи» билан учрашувдаги мағлубиятдан кейин Нўъмон Ҳасанов истеъфога чиқиш ҳақида ариза билан клуб раҳбариятига мурожаат қилди. Унинг бу мурожаати қондирилди ва Ҳасанов «Пахтакор» бош мураббийлигидан озод этилди. Эндиликда жамоага бош мураббий вазифасини узоқ йиллардан бери мураббийлар штабида фаолият кўрсатиб келаётган Григорий Колосовский бажаради. Биз Ҳасановга клубда амалга оширган ишлари учун миннатдорчилик билдириб, Колосовскийга фаолиятида омад тилаб қоламиз», дейилган жамоа расмий сайти хабарида.

Жорий мавсумда ушбу мураббий бошчилигида «Пахтакор» Осиё Чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқичидан ўта олмади. Қолаверса, жамоа Олий Лиганинг мавсумдаги 10та ўйинидан 6 тасида очко йўқотди ва айни вақтда 15 очко билан олтинчи ўринда жойлашган.

Шунингдек, «Пахтакор» Ўзбекистон Кубоги нимчорак финалида «Бухоро»га ҳар икки учрашувда ҳам имкониятни бой берди ва турнирни муддатидан анча илгари тарк этди.