Жамият | 21:50 / 30.05.2016
56881
3 дақиқада ўқилади

Эркин Воҳидов оламдан ўтди

Ўзбекистон Халқ шоири, драматург, жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов оламдан ўтди. Бу ҳақда журналист Абдураҳмон Ташанов Facebook саҳифасида хабар берган.

"Халқимизнинг атоқли адиби, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов оламдан ўтди. Бу ҳақда менга устоз журналист Шароф ака Убайдуллаев ҳозиргина қўнғироқ қилиб, у кишини ҳукуматга қарашли 1-стационардан олиб келишаётганини айтдилар.

Дилбар шоиримиз, ажойиб инсон Эркин Воҳидовни Аллоҳ раҳматига олсин!", дейилади манбада.

Эркин Воҳидов 1936 йили Фарғона вилояти Олтиариқ туманида таваллуд топган. 1960 йили ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) филология факултетини тугатгач, «Ёш гвардия» нашриётида муҳаррир, бош муҳаррир (1960—63; 1975—82), Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир, бош муҳаррир (1963—70), директор (1985— 87), «Ёшлик» журнали бош муҳаррири (1982-85) вазифаларида ишлаган.

Ижодий фаолияти давомида «Тонг нафаси» (1961), «Қўшиқларим сизга» (1962), «Юрак ва ақл» (1963), «Менинг юлдузим» (1964), «Муҳаббат» (1976), «Келажакка мактуб» (1983), икки жилдли сайланма («Муҳаббатнома» ва «Садоқатнома», 1986), «Куй авжида узилмасин тор» (1991), «Яхшидир аччиқ ҳақиқат» (1992) каби шеърий тўпламлар нашр қилдирган шоир Беҳбудий, Чўлпон, Авлоний, Қодирий сингари маърифатпарварларнинг 60-йиллардаги ижодий давомчиси сифатида ўзбек адабиётида ўз изини қолдирди.

Унинг «Орзу чашмаси», «Нидо» (1964), «Қуёш маскани» (1970), «Бахмал» (1974), «Руҳлар исёни» (1978— 79), «Тошкент садоси» (1983) каби асарлари ўзбек достончилигининг етук намуналаридан ҳисобланади.

«Ўзбегим» қасидаси (1968) эса коммунистик мустабид тузум даврида миллий уйғонишимизга баракали таъсир кўрсатган.

У И. Гётенинг «Фауст» асарини, С. Есениннинг шеърларини ўзбек тилига таржима қилиб, алоҳида китоб ҳолида нашр эттирган. Бундан ташқари Ф. Шиллер, Иқбол, Улфат, Р. Ҳамзатов, Л. Украинка, А. Блок ва бошқа турли халқлар шоирлари асарларини ҳам ўзбек тилига таржима қилган.

Эркин Воҳидов Ўзбекистон Олий Кенгаши депутати (Ошкоралик масалалари қўмитаси раиси; 1990—95); 1995 йилдан Ўзбекистан Олий Мажлиси депутати ва Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси бўлган.

У «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (1997). Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1983).

Kun.uz сайти таҳририяти марҳум шоирнинг оиласига ва яқинларига ҳамдардлик билдиради.