Жаҳон | 22:04 / 31.05.2016
31628
6 дақиқада ўқилади

Дунёнинг энг чуқур ва узун 5 та туннели

2016 йил 1 июнда Швейцарияда Готард темир йўл туннели очилиши бўлиб ўтади.

Туннел Швейцария Альпларидаги Сен-Готард тоғ массиви (баландлик 2,1 км) остидан очилган. Бу туннелни қуриш ғояси 1947 йилдаёқ пайдо бўлган, лойиҳанинг биринчи варианти эса 1962 йилда яратилган. Дастлаб туннелнинг узунлиги 45 км ни ташкил қилиши керак эди.

Туннелни қуриш учун 20 йил кетди. Биринчи скважиналарни бурғилаш 1993 йилда, тайёргарчилик ишлари 1996 йилда, асосий ишлар 2001 йилда, тупроқнинг олиниши 2003 йилда бошланган. Туннелни қуриш учун 12 млрд доллар сарфланди.

Готард туннели дунёдаги энг узун туннел бўлади, унинг узунлиги 57 км ни ташкил қилади. Ҳозиргача энг узун туннел Япониядаги Сэйкан туннели (53,85 км) ҳисобланарди. 2-ўринда Буюк Британия ва Францияни боғловчи Евротоннел (51 км) турарди, энг чуқур туннел эса Норвегияда Эйксунн туннели (287 м) ҳисобланарди.

Қуйидаги дунёдаги энг узун ва чуқур 5 та туннели ҳақида қисқача маълумот келтирилган.

1. Готард туннели (Швейцария)


Туннел ички диаметри 8,2 метрли бир йўналишли параллел иккита туннелдан иборат. Ғарбий туннелнинг узунлиги 56,9 км, шарқийники — 57 км. Туннелнинг хизмат ва йўловчилар юриши учун мўлжалланган йўлаклари билан умумий узунлиги 153,4 км ни ташкил қилади. Трасса минимал сондаги кўтарилишлар, тушишлар ва кескин бурилишларсиз лойиҳаланган. Бу поездларга 250 км/соат тезлик билан юришга имкон беради. Туннел ичида иккита кўп вазифали темир йўл станцияси мавжуд бўлиб, улар авария, таркибларни алмаштириш вақтида ишлатилиши мумкин. Туннел бўйлаб юриш вақти 20 дақиқани ташкил қилади. 

Бу туннел чуқурлик бўйича ҳам рекорд кўрсаткичга эга. Унинг баъзи жойларини тоғ юзасидан 1,6 км лик масофа ажратиб туради. Туннел тоғ дарёлари ва ҳаттоки гидроэлектростанциялар тагидан ўтади.

1 июнда туннел орқали биринчи поездлар ўтади, 2017 йил январдан эса тўлиқ фойдаланишга киритилади.
Туннел Альп тоғи ҳудудида ҳавонинг ифлосланиши даражасини камайтиришга ёрдам беради ва йўлларда тирбандлик келтириб чиқарувчи юк транспорти муаммосини ҳал қилади. Кунига туннел бўйлаб 200-250 та йўловчи ва юк поезди ўтади. 

2. Сэйкан туннели (Япония)

Сэйкан туннели Япониянинг Хонсю ва Хоккайдо оролларини Сангар бўғози остидан боғлайди. Унинг умумий узунлиги 53,85 км ни, сув ости қисми эса 23,3 км ни ташкил қилади. Йўллар сув тубидан 100 метр ва денгиз сатҳидан 240 метр чуқурликдан ўтади.
Туннел қурилиши 1964 йилдан 1988 йилгача давом этган ва 1988 йил 13 мартда очилган. Туннел қурилиши 5,4 млрд долларни ташкил қилган. 

3. Ла-Манш тагидан ўтувчи Евротоннел (Франция, Буюк Британия)

Евротоннел Ла-Манш бўғози остидан ўтувчи ва Буюк Британияни Европанинг қитъа қисми билан боғловчи темир йўл туннели. Унинг узунлиги 51 км ни, сув ости қисми 39 кмни ташкил қилади. Туннелнинг энг қуйи нуқтаси денгиз сатҳидан 126 метр чуқурликда жойлашган.

Туннелни қуриш ғоясини 1802 йилда франциялик муҳандис Альберт Матье-Фавье билдирган, қурилиши эса 1876 йилда бошланиб, 1883 йилда тўхтатилган. Кейин унинг қурилиши бир неча бор қайта бошланиб, қайта тўхтатилган. 1986 йилда Франция ва Буюк Британия ҳукуматлари туннел қуриш ҳақидаги келишувни имзолашган. Туннелни бурғилаш 1987 йил 1 декабрда бошланган. Туннел 7 йилда қуриб битказилган. Лойиҳа қиймати 15 млрд долларни ташкил қилган. Туннел 1994 йил 6 майда тантанали равишда очилган. Шу йилнинг 22 декабридан туннел орқали Франция ва Буюк Британия ўртасида мунтазам темир йўл алоқаси бошланган. Туннел поездлар учун иккита рельсли туннел ва битта хизмат кўрсатиш ва фавқулодда вазиятда одамларни эвакуация қилиш учун қўшимча туннелдан иборат. Туннел орқали йилига ўртача 20 млн киши ҳаракатланади. 

4. Эйксунн туннели (Норвегия)

Норвегиядаги Эйксунн автомобиль туннели Мёре-о-Румсдал вилоятида жойлашган ва Харейдландет оролини (Эйксунн шаҳри) мамлакатнинг қитъадаги қисми (Рьянес шаҳри) билан боғлайди. У Вартдалс-фьорд туби орқали денгиз сатҳидан 287 метр чуқурликдан ўтган ва айни вақтда дунёдаги сув остидан ўтувчи энг чуқур жойлашган туннел ҳисобланади. Унинг узунлиги 7,8 км ни ташкил қилади. Туннел қурилиши 2003 йилда бошланган ва 123 млн еврога айланган. Туннел бўйлаб қатнов 2008 йил февралида очилган. Туннелдан 25 минг киши фойдаланади.

5. Темза остидан ўтувчи туннел (Буюк Британия)

Лондондаги Темза дарёси остидан ўтувчи туннел ҳозир ҳам фолият юритувчи дунёдаги энг эски туннел ҳисобланади. У инглиз муҳандиси Марк Брюнел лойиҳаси бўйича бунёд этилган. Туннел қурилиши 1825 йилда бошланиб, 1841 йилда тугатилган. 6 метрга 11 метрлик кесимга эга ва узунлиги 396 метрлик туннел сув юзасидан 23 метр чуқурликда бурғиланган. Туннел 1843 йил 25 мартда очилган. 1869 йилгача йўловчи туннели сифатида қўлланган. 1869 йилда Лондон метросининг биринчи қисми узайтирилгандан кейин туннел орқали биринчи поездлар қатнай бошлаган.
2000-йиллар охирида метронинг туннел орқали ўтувчи линияси реконструкция қилинган.

Таъкидлаш жоизки, Хитойнинг China Railway Tunnel Group компанияси Ўзбекистоннинг шарқидаги Қамчиқ довони орқали ўтувчи, Марказий Осиёда бу турдаги энг йирик иншоот, 19 км лик темир йўл туннели қурилишини якунига етказди. Туннел 124 км лик Ангрен-Поп темир йўл линиясининг бир қисми ҳисобланади.