Жамият | 22:47 / 31.05.2016
13508
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Рамазон ойига тайёргарлик ишлари давом этмоқда

Ўзбекистонда Рамазон ойи ҳар йилдагидек шукуҳ ва кўтаринки кайфиятда кутиб олинади. 

Хайру саховат ойида одамлар бир-бирларига яхшилик қилиш, ёрдам қўлини чўзиш, ёлғиз қолган ногирон ва қариялардан хабар олиш каби эзгу ишларни қилишга талпинадилар.

Масжидлар яна обод ва кўркам бўлмоқда. Халқ ўзаро ҳашарлар ташкил этиб, таровеҳ ва хатми Қуръон тадбирларга ташриф буюрадиганлар учун янада қулай шароит яратишга ҳаракат қилмоқда.

Айни пайтда ўзбекистонликларнинг 650 нафари Рамазон ойида Умра ибодатини амалга ошириш учун шайланиб турибди.

Бугун, 31 май куни Тошкентнинг "Шайх Зайниддинхон" масжидида Рамазон Умрасига борувчи зиёратчилар гуруҳ раҳбарлари учун амалий ўқувлар ташкил этилди.

Ўқувлар давомида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари томонидан зиёратчиларга хизмат қилиш, уларнинг ибодат қилиш давомида соғлиқларини эҳтиёт қилишлари юзасидан батафсил тушунчалар берилди.

Айтиш ўринлики, анъанага кўра, зиёратчилар Мадина ва Макка шаҳарларидаги қулай ва шинам меҳмонхоналарга жойлашади. Бу йил ҳам Мадинадаги меҳмонхона масжиддан 100-150 метр, Маккада эса 1000-1500 метр узоқликда жойлашган бўлиб, зиёратчилар учун барча шароитлар яратилиб ҳозирлаб қўйилган.

Умрачиларга шифокорлар, ошпазлар ва гуруҳ раҳбаридан иборат 24та ишчи гуруҳ кеча-ю кундуз хизмат кўрсатмоқда.

Рўзадор зиёратчиларга саҳарлик ва ифторликлари учун икки маҳал иссиқ овқат, чой ва бошқа ичимликлар тақдим этилади.