Жаҳон | 22:35 / 02.06.2016
6216
2 дақиқада ўқилади

Боку:  Бундестагнинг арманилар геноцидини тан олиши нохолислик ва тарафкашлик

Озарбайжон ТИВ матбуот хизмати раҳбари Ҳикмет Гаджиев Германи парламентининг арманилар геноцидини тан олишга қаратилган резолюцияни қабул қилишига муносабат билдириб ўтди.

"Биз бу резолюцияни тарафкашлик учун бичиб-тўқилган ва нохолис тайёрланган деб биламиз. Сиёсий мақсадлар учун тарихни сохталаштирмаслик керак", дейди у.

У бундестагни "Хўжалида озарбайжонликларнинг геноцид қилингани фактини инкор қилиш"да ва икки хил стандартда айблаган.

Бундестаг депутатлари бугун 1915 йилда Усмонлилар империясида арманиларнинг депортация қилинишини геноцид деб тан олиш юзасидан резолюция қабул қилди. 

«1915–1916 йилларда Усмонийлар салтанатида арманилар ва бошқа христиан озчиликларнинг геноциди хотирасига» деб аталган ҳужжат қабул қилинишидан кейин Туркия Германиядан элчисини чақириб олди.

1915 йилда, Биринчи жаҳон уруши вақтида Усмонийлар империясида, турли баҳоларга кўра, 600 мингдан 1,5 миллионгача армани ҳалок бўлган. Туркия 300 минг киши ҳалок бўлганини тан олади, аммо бунинг «геноцид» атамаси билан таърифланишига қарши чиқади. Ўз навбатида, турк тарихчилари арманиларнинг қуролли гуруҳлари ўн минглаб мусулмонларни қирғин қилганини таъкидлаб келади.

Хўжалидаги воқеалар эса Қорабоғ уруши доирасида 1912 йили рўй берган. 1992 йилнинг 25 февралидан 26 февралига ўтар кечаси арман ҳарбийлари Тоғли Қорабоғдаги Хўжали шаҳрига кирган. Қамал вақтида ва ундан кейин тинч аҳолининг юзлаб вакиллари ҳалок бўлган, жароҳатланган ва бедарак йўқолган. Озарбайжон мажлиси турли текширувлар асосида ўша куни 485 киши ўлдирилганини иддао қилади ва бу воқеани геноцид деб атайди.