Ливия ЕИ томонидан депорт қилинган қочқинларни қабул қилмаслигини билдирди
Ливия бош вазири мамлакат Туркия каби муҳожирларни қайта қабул қилмаслигини маълум қилди.
Ливия миллий келишув ҳукумати раҳбари Фаиз Саражнинг маълум қилишича, мамлакат ҳудудига ЕИ томонидан ортга қайтариб юборилган африкалик қочқинлар киритилмайди.
Жорий йилнинг март ойида Европа Иттифоқи ва Туркия муҳожирлик инқирози билан курашиш бўйича ҳамкорлик режасини мувофиқлаштирган эди, унда Туркия ҳудуди орқали Грецияга ноқонуний йўллар билан келган барча муҳожирлар Туркияга қайтарилиши ҳамда у ердаги суриялик қонуний муҳожирлар Евроиттифоқ томонидан "бирга бир" тамойили бўйича қабул қилиниши кўзда тутилган эди.
"Биз (Ливия) Европа Иттифоқи муҳожирларини қайта қабул қилишга рози бўлмаймиз. Европа уларни ўз ватанига қайтариш йўлини топиши керак. Улар биз билан яшай олмайди. Мамлакатимизга жанубдан келаётган муҳожирлар билан вазият мутлақо Туркиядагидек эмас", - деди Ас-Сараж Германиянинг Welt газетасига берган интервьюсида.
1 июнь куни Ливия қирғоқларида 100дан ортиқ йўловчиси билан ағдарилиб кетган қайиқ вазиятига изоҳ берар экан, у соҳил бўйида сайёҳлик ва савдонинг ўрнига қочоқларни ноқонуний йўл билан ташиш йўлга қўйилганлигидан афсусдалигини билдирди.
Бош вазирнинг сўзларига кўра, муҳожирлар оқими кўпайиши муаммосига ҳаттоки бомбардимон қилиб ҳам барҳам бериб бўлмайди.
"Муаммонинг ечимини муҳожирлар келаётган мамлакатлардан қидириш керак. Уларга сиёсий ва иқтисодий барқарорлик ҳамда ривожланишга имкон яратиш лозим", - деди у ҳамда бу муаммо тааллуқли бўлган барча томонлар учун ягона қараш ишлаб чиқиш кераклигини қўшимча қилди.
Европа Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг жиддий муҳожирлик инқирозини бошдан кечирмоқда. ЕС Frontex агентлиги берган маълумотларга қараганда 2015 йилда Евроиттифоққа 1,8 миллион муҳожир келган. Муҳожирлар бўйича халқаро ташкилот маълумотларига кўра, йилнинг бошидан бери Европага 194,6 минг киши келган, улардан 1,5 минг нафари ҳалок бўлганлар ва йўқолганлар қаторида қайд этилган.
Ливиядаги фуқаролар урушидан кейин Европага бу мамлакатдан ўтган йили 150 минг киши кетган.
"Болқон йўли" тўсиб қўйилгач, Африка ва Яқин Шарқнинг бир қатор мамлакатларидан чиққан қочқинлар Ливияга келиб, бу ердан Ўрта Ер денгизи орқали Европага ўтишни бошлаган.
Турли маълумотларга кўра, Ливияда айни вақтда 1 миллион нафардан ортиқ муҳожирлар ва қочқинлар мавжуд.