Эркак ва аёл миясидаги янги фарқ топилди
Стэнфорд университети нейробиологлари эркаклар ва аёллар хулқ-атворидаги фарқ мия фаоллигида акс этишини кўрсатиб беришди. Бу ерда гап турли жинсга эга одамларнинг ҳар қандай муаммога ўз ёндашуви борлигини ҳақида кетмоқда, улар икки жинс вакилларининг ҳамкорлиги орқали ҳал қилиниши керак. Мазкур тадқиқот Scientific Reports журналида нашр этилган.
Дастлаб ўтказилган психологик тадқиқотлар шуни кўрсатдики, эркаклар бошқалар билан катта гуруҳларда яхши ҳамкорлик қилишади, аёллар эса бошқа аёллар назорати остида ҳамкасблари билан ўзаро ҳамкорлик қилишади. Бундан ташқари аёллар ва уларнинг жинсдошларига қараганда эркак киши бошқа бир жинсдоши билан осонроқ тил топишади. Аралаш жуфтликда аёл эркакка нисбатан ҳамкорликка кўпроқ интилади.
Фаол ҳамкорлик қилаётган эркак ва аёлнинг миясида нима содир бўлаётганини аниқлаш учун олимлар гиперсканерлаш технологиясига мурожаат қилишди. Бу усул икки кишининг ўзаро мулоқот қилаётган пайтида уларнинг мияси фаоллигини аниқлаш имконини беради. Тадқиқотчилар магнит-резонанс томографияси ўрнига яқин инфрақизил соҳада спектроскопиядан фойдаланишди.
Тадқиқотларда жами 222 киши иштирок этди, уларнинг ҳар бирига ҳамкор белгилашди. Жуфтликлар икки эркак, икки аёл ёки икки жинс вакилларидан иборат бўлди. Ҳар бир киши ҳамкорининг қаршисида компьютер олдида ўтирди. Синалаётган жуфтликка компьютер экранининг ранги ўзгарганда бир вақтда тугмани босиш таклиф қилинди. Ҳар бир уринишдан сўнг синалаётган кишиларга ким биринчи, ким эса сал кейинроқ ва қандай интервал билан тугмани босгани ҳақида маълум қилиб боришди.
Олимлар эркак жуфтликлар аёл жуфтликларга нисбатан вазифани яхшироқ бажаришганини, аммо ҳар бир инсоннинг мия фаоллиги жуфтликда мувофиқликнинг юқори даражасини кўрсатишини аниқлашди. Шуниси қизиқки, икки жинс вакилларидан иборат жуфтликлар ҳам худди эркак жуфтликлар каби вазифани яхши уддалашди, бироқ уларнинг миясида мувофиқлик кузатилмаган.