Жамият | 17:42 / 12.06.2016
35655
3 дақиқада ўқилади

Уйида фоҳишахона ташкил қилган аёл қўлга тушди

Навбаҳор Мирзо Улуғбек истироҳат боғида таниши Оллоберганни кўриб қолди. Кейин бирорта жой топиб, бирга дам олишни режалаштиришди. “Таниш-билишларинг борми ўзи? Ҳеч бўлмаганда бир соатга жой керак бўлади”, деди унга Оллоберган.

“Пул бўлса чангалда шўрва, дейдилар. Пулинг бўлса жой топилади. Бир ярим ой олдин бир таксистдан сўраб-суриштириб вақтинча жой бериб турадиган аёлнинг рақамини олгандим. Ҳозир ўша аёл билан гаплашаман”,  дея Навбаҳор Муфассалга қўнғироқ қилди. Ундан бир соатга таниши билан дам олишига жой кераклигини тушунтирди. 
Ўша дамда Муфассал ҳам пулга зориқиб юрганлиги учун ўйлаб ҳам ўтирмасдан “Бир соатга 40.000 сўм бўлади”, деб айтди. Навбаҳор унинг айтган нархига рози бўлиб, Оллоберган билан аёлникига йўл олишди.

Муфассал уларни кутиб олиб, дам олишлари учун ошхонада шароит яратиб берди. Навбаҳор бунинг эвазига Муфассалга айтилган 40.000 сўмни берди. Аёл бошқа хонага чиқиб кетди.
Ўша куни фуқаролик кийимидаги ИИБ ходимлари кўп қаватли қаватли уйга кириб чиқаётганларни кузатиб турганлиги учун шубҳаланган хонадоннинг эшигини тақиллатишди. 
Эшикни Муфассал очиб, бегона кишиларни кўриб ажабланди. ИИБ ходимлари ҳужжатларини кўрсатиб, уйда кимлар борлигини сўрашаётганлигида тўсатдан Навбаҳор ва Оллоберганга кўзлари тушишди. Улардан бу ерда нима қилишаётганлигини сўрашди. Навбаҳор уялмасдан дам олгани келганлигини, бир соат учун Муфассалга 40.000 сўм берганлигини айтди. Аёл  пул зарур бўлиб қолганлиги учун шу ишни қилганлигини бўйнига олди.

ИИБ ходимлари иккита холис иштирокида Муфассалдан 40.000 сўмни далолатнома асосида ҳужжатлаштириб олишди.   
Муфассал учта фарзандини уйидан фоҳишахона очиб боқса, дея ҳайратдан ёқангни ушлайсан. Ахир ойни этак билан яшириб бўлмайди-да. Шундай қилиб суд Муфассал Абдужамоловага энг кам ойлик иш ҳақининг 25 баравари, яъни 2.960.000 сўм миқдорида жарима жазоси тайинлади. Муфассал қўни қўшнилари  ва яқинлари олдида иснодга қолди.

Хонбиби ХИММАТ кизи.