Жаҳон | 15:32 / 14.06.2016
13710
2 дақиқада ўқилади

ОАВ ИШИД раҳбари ал-Бағдодийнинг ўлими ҳақида хабар тарқатди

ИШИД етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий АҚШ бошчилигидаги коалиция самолётлари ҳужуми натижасида ҳалок бўлган. Бу ҳақда Mirror хабар тарқатди.

Нашрнинг жангарилар орасидаги манбасига асосланиб хабар беришича Абу Бакр ал-Бағдодий Рамазон ойининг бешинчи кунида Раққа шаҳрида амалга оширилган ҳужум оқибатида ҳалок бўлган.

Яна бир манбада эса у Мўсулда ҳалок бўлгани айтилган.

10 июнь куни ҳам ИШИД раҳнамоси ва бошқа бир қатор қўмондонлар Ироқ ҳамда Сурия чегарасидаги қўмондонлик пунктига берилган авиазарба натижасида яралангани ҳақида хабар қилинганди. Бу маълумот тасдиқланмади.

Ал-Бағдодийнинг жароҳат олгани ҳақидаги хабарлар деярли ҳар йили пайдо бўлади. Жумладан, 2014 йил ноябрида АҚШ ҲҲК ИШИД қўмондонлари йиғинига зарба бергани билдирилди ва бир неча кун уларнинг раҳбари тақдири номаълум бўлиб турди. 2015 йил майида ал-Бағдодий коалиция авиацияси ҳужумидан сўнг жароҳат олгани, ҳатто фалаж бўлиб қолгани ҳақида хабар тарқалди. Октябрь ойида эса Reuters’нинг Ироқ армиясидаги манбаси ИШИД етакчиси мамлакат шимоли-ғарбидаги конвойга берилган авиазарбадан сўнг яралангани ва касалхонага жойлаштирилгани тўғрисида маълум қилди, бироқ бу ҳам ўз тасдиғини топмади.