Жаҳон | 07:03 / 22.06.2016
6590
3 дақиқада ўқилади

Обама Шимолий Корея ва Ғарбий Болқондаги барқарорликка раҳна солаётганларга қарши санкцияларни узайтирди

АҚШ президенти Барак Обама Шимолий Кореяга нисбатан санкцияларни яна бир йилга узайтирди. Тегишли хабар Оқ уй томонидан чоп этилди ва АҚШ конгрессига юборилди.

"Корея яриморолида ядровий материалларнинг мавжудлиги ва тарқалиши хатари ҳамда  Корея яриморолидаги вазиятни барқарорсизлантирувчи ва АҚШ қуролли кучлари, унинг минтақадаги иттифоқдошлари ва савдо ҳамкорларини хавфга қўювчи Шимолий Кореянинг ҳаракатлари ва сиёсати АҚШнинг миллий хавфсизлиги, ташқи сиёсати ва иқтисодиётига фавқулодда хавф солишда давом этмоқда. Шу сабабли мен фармоннинг амал қилишини бир йилга узайтираман", деб айтди Обама.

Шимолий Кореяга нисбатан санкциялар киритиш ҳақидаги фармон 2008 йил 26 июнда имзоланган. Ўшанда АҚШ президенти Кичик Жорж Буш Шимолий Кореяга қўйилган бир нечта ташқи савдо чекловларини бекор қилишини эълон қилган, бироқ Пхеньянга қарши бир қатор санкциялар ўз кучида қолишини айтган. Гап хусусан активларни тўсиш ва бошқа бир қатор чоралар ҳақида кетган.

Обама, шунингдек, Ғарбий Болқондаги барқарорликка раҳна солаётганлар шахсларга нисбатан АҚШ санкцияларини бир йилга узайтирди. Гап Македония, Босния ва Герцеговина ҳамда ўз мустақиллигини эълон қилган Косовода хавфсизликни таъминлаш ҳақида кетмоқда.

Санкциялар бу давлатларда "экстремистик зўравонликни молиявий ёки бошқа томонлама қўллаб-қувватлаётган ёки унда иштирок этаётган" ҳамда "Дейтон келишуви (Боснияда тинчлик ҳақида) ёки БМТ Хавфсизлик кенгашининг 1999 йил 10 июндаги Косово бўйича 1244-резолюциясини ҳаётга жорий қилишга тўсқинлик қилаётган" шахсларга нисбатан узайтирилмоқда. 

Обама бу санкияларни сақлаб қолишга қарор қилганда худди шу сабабларни келтириб ўтганди. Шу тариқа кўринадики, Вашингтоннинг тахминича, Ғарбий Болқондаги вазият ўзгармаган.

Ғарбий Болқонда у ёки бу даражада экстремистик фаолиятга аралашган жисмоний ёки юридик шахсларга қарши санкциялар АҚШ президенти фармони билан 2001 йил 26 июнда киритилган ва 2003 йилда тўлдирилган. АҚШ фуқароларига бундай шахслар билан қандайдир тижорий битимлар тузиш ёки уларга пул ўтказиш тақиқланган. Кичик Жорж Буш ҳар йили бу фармоннинг амал қилишини узайтириб келган.