Ўзбекистон | 23:19 / 23.06.2016
13410
1 дақиқада ўқилади

Беларусь Президенти Тошкентга келди

Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг Тошкентда ўтадиган навбатдаги мажлисида кузатувчи сифатида иштирок этиш учун 23 июнь куни Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев кутиб олди.

Лукашенко сайтида таъкидланишича, ушбу саммит Беларусь ШҲТда кузатувчи мақомида иштирок этадиган биринчи саммит бўлади. Аввал Беларусь ШҲТда мулоқот бўйича ҳамкор бўлган ва ҳамкор мақомидан кузатувчи мақомига ўтган ташкилотдаги биринчи давлат бўлди.

ШҲТ саммити 24 июнда Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида ўтади. Унда ШҲТ фаолиятини меъёрий-ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш, ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорлик, минтақавий хавфсизлик билан боғлиқ ва томонларни қизиқтирган бошқа масалаларни муҳокама қилиш режалаштирилган.