Ўзбекистон | 14:21 / 23.06.2016
15807
2 дақиқада ўқилади

Давлат раҳбарлари ШҲТ саммитида иштирок этиш учун Тошкентга етиб келишмоқда

Ўзбекистон пойтахти Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари Кенгаши иштирокчиларини кутиб олмоқда. ШҲТ юбилей саммити 23-24 июнь кунлари Тошкентда бўлиб ўтиши ҳақида аввал хабар қилинган эди. 

Республика ТИВ хабар қилишича, 23 июнь куни Тошкентга Тожикистон, Туркманистон, Мўғилистон президентлари етиб келган. Аввалроқ, Покистон давлат раҳбари Мамнун Ҳусайн Ўзбекистонга келгани, у шаҳарнинг қадимий ёдгорликларини кўриш учун Самарқандга қўнгани айтилганди. 

ХХР раиси Си Цзиньпин эса, учинчи кундирки Ўзбекистонда бўлиб турибди. У, 21 июнь куни давлат ташрифи билан республикага келган эди. 

23 июнь куни РФ президенти Владимир Путин ҳам Тошкентга келиши кутилмоқда. РФ давлат раҳбари ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг журналистларга маълум қилганидек, Путин ХХР раиси Си Цзиньпин билан икки томонлама музокаралар ўтказади. Бундан ташқари, Мўғилистон раҳбари билан бирга, уч томонлама мулоқот ҳам ташкил этилади. 

24 июнда Россия раҳбари саммит мезбони Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан ҳам учрашади. Шу билан бирга, у ШҲТ саммити доирасида Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан мулоқот олиб боради.