Ўзбекистон | 15:34 / 23.06.2016
20387
2 дақиқада ўқилади

Ислом Каримов: Афғонистондаги вазият Яқин Шарқдаги экстремистларни ўзига жалб қилмоқда

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг фикрича, Афғонистондаги вазият Яқин Шарқ минтақасидаги экстремистларни ҳамда радикал гуруҳларни ўзига жалб этмоқда.

"Афғонистон бугунги кунда Яқин Шарқдаги экстремистик ва радикал гуруҳларни ўзига тортаётган полигонга айланди", — дея маълум қилган Ислом Каримов 22 июнь куни Тошкентга давлат ташрифи билан келган ХХР раиси Си Цзиньпин билан ўтказилган музокаралар якунида.

Ўзбекистон раҳбарининг ҳисоблашича, "Афғонистонда экстремистик гуруҳларга қарши кураш сусайгани" кузатилмоқда.

"Бу эса можаролар қўшни мамлакатлар ҳудудларига ўтиши хавфини пайдо қилган", дея қайд этган Ислом Каримов.

Ўзбекистон раҳбарининг қайд этишича, Афғонистондаги муаммоларни фақатгина БМТ раҳнамолигидаги кенг миқёсли сиёсий диалоглар воситасида ҳал этиш мумкин.

"Афғонистон муаммосини қурол ишлатиш йўли билан ҳал этиш мумкин эмас", — дея таъкидлади Ўзбекистон президенти.

Афғонистондаги вазият кейинги ярим йил ичида янада ёмонлашди. Аввалги вақтларда мамлакатнинг тоғли ҳудудларида фаолият кўрсатган "Толибон" ҳаракати эндиликда пасттекисликларга тушиб, шаҳарларни қамал қила бошлади. Шунингдек, мамлакатнинг ғарбий ҳудудида ИШИД таъсиридаги гуруҳлар фаоллашган.