ШҲТ етакчилари саммит якунида Тошкент декларациясини қабул қилишди
Шанхай Ҳамкорлиги ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари Ўзбекистонда бўлиб ўтган саммит якунида ШҲТнинг 15 йиллиги Тошкент декларациясини қабул қилишди.
Декларация саммитнинг асосий якуний ҳужжати бўлиб, ушбу ҳужжатда ташкилот аъзоларининг бирлашмани ривожлантириш борасидаги қарашлари ўз ифодасини топган.
Тошкент саммити якунида ташкилотнинг 2016-2020 йиллардаги фаолияти дастури ҳамда ШҲТнинг 2025 йилгача Ривожланиш стратегияси қабул қилинди.
Шунингдек, ШҲТ Ҳудудий аксилтеррор тизими (ҲАТТ) кенгашининг 2015 йилдаги фаолияти ҳақидаги доклади тасдиқланиб, унинг 2016 йилги фаолияти бўйича маърузаси қабул қилинди.
ШҲТ раҳбарлари ташкилотнинг навбатдаги саммитини қаерда ва қачон ўтказиш бўйича ҳам келишиб олишган.
Тошкент саммити мезбони, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ШҲТ давлат раҳбарларининг навбатдаги мажлиси 2017 йилнинг 7-8июнида Остонада бўлиб ўтишини маълум қилган.
Саммитда ШҲТ давлатлари туризм соҳасида ҳамкорликни ривожлантириши бўйича дастур имзоланган.