ЎФФ сайти Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ёздаги ўртоқлик учрашувлари ҳақида хабар берди
Жаҳон чемпионати-2018 саралашининг учинчи босқичига тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси июль ва августда бўладиган йиғинлар доирасида ўртоқлик учрашувлари ўтказиш борасида келишувга эришган.
Самвел Бабаян бошчилигидаги терма жамоанинг навбатдаги ўртоқлик учрашувидаги рақиби Ироқ терма жамоаси бўлади. Ироқ билан ўтказиладиган назорат учрашуви 24 июль куни, Тошкетдаги “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтиши кўзда тутилган.
Шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоаси август ойида Тошкентда яна бир ўртоқлик учрашуви ўтказиш бўйича келишувга эришган. 24 августда бўлиб ўтадиган ушбу назорат ўйинидаги рақиб — Яман терма жамоаси бўлади. Ушбу ўйин ҳам “Бунёдкор” стадионида ўтказилади. Учрашув Тошкент вақти билан соат 19:00да бошланади.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2018 3-саралаш босқичи ўйинларини 1 сентябрь куни Тошкентда Сурия терма жамоасига қарши ўйин билан бошлайди.
Қайд этиш керакки, ЎФФ сайти бу учрашувлар ҳақидаги хабар ФИФА сайтида худди шу учрашувлар қачон ва қаерда бўлиб ўтиши ҳақида маълум қилинганидан 10 кун ўтиб хабар берди.
Ўзбекистон - Ироқ ўйини Eurosport телеканалида бир ой олдин реклама қилина бошланди.