Жамият | 08:19 / 29.06.2016
21530
2 дақиқада ўқилади

ДТМ сайтида ҳужжат топширган абитуриентлар сони ҳақида онлайн маълумот берувчи бўлим ишга тушди

Бугунги кунда 2016/17-ўқув йили учун республика олий таълим муассасаларига қабул жараёнлари кетмоқда. «Xushnudbek.uz» сайтининг маълум қилишича, ДТМ сайтида абитуриентлар учун махсус саҳифа ишга тушди. Ушбу саҳифада ОТМларга ҳужжат топшираётган абитуриентларнинг сони реал вақтда нечта бўлганлигини кузатиш мумкин.

Шунингдек, ушбу саҳифада республикадаги барча ОТМларнинг йўналишлари бўйича қабул квоталари ҳам кўрсатилган.

Жорий йилда бакалаврлар тайёрлаш бўйича кундузги бўлимларга умумий қабул квотаси 57 907, шу жумладан, давлат грантлари бўйича 19 120 ва тўлов-контракт асосида 38 787 нафар миқдорида белгиланган.

«Ушбу хабар киритилаётган вақтда ҳужжат топширган абитуриентлар сони бутун республика бўйлаб, 35 932 нафарни ташкил қилмоқда», – дейилади «Xushnudbek.uz» сайтидаги хабарда.

Хабар чоп этилаётган вақтда республика бўйича Андижон давлат университетига энг кўп – 3965 нафар абитуриент ҳужжат топширгани қайд этилган.

Қайд этиш керакки, ўтган йили ҳужжат топширган абитуриентлар сони бўйича рекорд натижа қайд этилган эди. Яъни, 600 минг нафардан кўпроқ абитуриент талабалик бахтига мушарраф бўлиш учун ўз омадини синаб кўришга аҳд қилган эди. Бу бир ўрин учун ўртача 10,45 киши даъвогарлик қилган деганидир.