Жаҳон | 18:15 / 01.07.2016
12281
1 дақиқада ўқилади

Истанбулда ўзини портлатган террорчиларнинг икки нафарида Россия паспорти бўлган

29 июнга ўтар кечаси Истанбул шаҳридаги Отатурк номидаги аэропортда теракт уюштирган террорчилардан икки нафарида Россия паспорти бўлган. Бу ҳақда DHA агентлиги хабар тарқатган.

Қайд этилишича, Раким Булгаров ва Вадим Османов исм-шарифли бу террорчиларда Россия паспорти бўлган.

Айни вақтда Туркия ҳукумати ушбу маълумотларни расман тасдиқламади.

Бундан олдинроқ, АҚШда Истанбулдаги теракт келиб чиқишига кўра чеченистонлик бўлган Аҳмад Чатаев томонидан содир этилгани, У Сурияда ИШИДнинг "ҳарбий вазири" бўлгани ҳақида маълум қилинди.

29 июнь оқшомида Истанбул аэропортига 3 нафар террорчи уюштирган ҳужум оқибатида 43 киши ҳалок бўлди, 239 киши жароҳатланди. Туркия бош вазири Биноли Йилдирим бу теракт ортида ИШИД тургани ҳақида маълум қилди.

Туркия махсус хизматлари 30 июнь куни уюштирилган рейдлар натижасида 27 кишини ҳибсга олди, улардан 13 нафари туркиялик, 14 нафари хорижлик.