Жаҳон | 11:51 / 04.07.2016
13476
2 дақиқада ўқилади

Британия собиқ бош вазири Тони Блэр Ироқ уруши учун суд қилиниши мумкин

Британия депутатлари, Бирлашган қиролликнинг собиқ бош вазири Тони Блэрни маҳкама жараёнига жалб этиш ва унга нисбатан Ироқдаги уруш борасида айблов эълон қилинишига эришиш ниятида, деб ёзмоқда The Guardian нашри.

"Бунинг сабаби шундаки, Ироқ можаросида 179 нафар Британия аскари ва 150 минг одам ҳалок бўлди ҳамда дунё террористик таҳдидга тўқнаш келди", - деган Шотландия миллий партияси депутати Алекс Салмонд, Буюк Британияни Ироқ урушига тортгани учун Блэр "ҳуқуқий ва сиёсий жиҳатдан жавоб бериши"га чақирар экан. 

НАТОнинг Ироққа қарши ҳарбий кампанияси доирасида Британиянинг ҳам иштирокига оид ҳисобот 6 июль куни эълон қилиниши кутилмоқда. 

Қайд этиш жоизки, Бирлашган қироллик кенг жамоатчилиги мамлакатнинг Ироқ урушида қатнашишига қарши эди. Айни шу ҳолат, Блэрнинг 2007 йилда истеъфога чиқишига сабаб бўлганди. 

Кейинроқ, Британия матбуотида, Блэр ва АҚШ президенти Жорж Буш, нефть конлари устидан назоратни қўлга киритиш мақсадида жамоатчиликни чалғитгани тўғрисидаги фикрлар пайдо бўлди. 

Тони Блэр ҳам CNN телекомпаниясига берган интервьюсида, АҚШ ва унинг иттифоқчилари қўшинларининг Ироққа бостириб кириши ИШИДнинг пайдо бўлиш сабабларидан бири эканини тан олганди. 
 

Фото:© Ben Stansall/Pool Photo via AP

 

 

Мавзуга оид