Жамият | 20:14 / 04.07.2016
14210
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон президенти ўзининг илк клипини намойиш этди - «Судьбе назло»

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ўзи муаллифлик қилган «Судьбе назло» («Тақдирга қасдма-қасд») қўшиғига илк клипини намойиш этди.

«Бу қўшиқ «Судьбе назло» деб номланиб, у менинг илк қўшиқларимдан бири. Қўшиқ сўзлари менинг ҳаётим шиорига айланган. У менга ҳаётимдаги ҳар қандай қийинчиликларни тақдирга қасдма-қасд қилиб, енгиб ўтишимга ёрдам берган», - дея изоҳлайди Атамбаев клипнинг муқаддимасида. 

Видеоклип сюжети Қирғизфильм киностудиясида режиссёр Мелис Убукеев томонидан суратга олинган «Қишлоқдаги роман» фильмидан олинган. 

Ушбу қўшиқ Атамбаевнинг ошкора намойиш этилган илк қўшиғидир. Қирғизистон президенти шеъриятга қизиқади ва ўз композицияларига ўзи матн ёзади. 1983 йилдан буён у қирғиз Ёзувчилар адабий уюшмасини кўнгилли бошқарувчиси ҳисобланади. 

«У қўшиқ сўзи ва мусиқасини ўзи яратди, ўзи куйлади ҳамда шахсан гитарада ижро этди. Бизга маълум бўлишича, қўшиқ икки ой аввал уй шароитида тасмага ёзиб олинган», - дея маълум қилди президент матбуот хизмати раҳбари Алмаз Усенов.