Жамият | 18:17 / 11.07.2016
30995
8 дақиқада ўқилади

Ота ноласи

Оила қасри асосан - ота-она, эр-хотин ва фарзандлардан иборат бўлади. Уларнинг ўрталаридаги муносабатларга ҳам алоҳида эътибор билан ёндашилади. Айниқса ота-она ва фарзандлар ўртасидаги алокалар жуда муҳим бўлиб, ўғил-қизларнинг ўзаро ота-оналари зиммасида муайян ҳақлари бўлгани каби ота-онанинг ҳам фарзандлари зиммасида бир мунча ҳақлари борки, уларни тез-тез эслаб ҳаётда дастур қилиб олишимиз бизлар учун ёруғлик, эзгулик келтиради. Шу маънода ҳаётда ёруғ кунларда яшашни орзу қилган ҳар бир фарзанд Навоий бобомизнинг қуйидаги байтларига гоҳо-гоҳо назар ташласин.

 

Бошни фидо қил айла ато қошиға!

Жисмни қил садқа ано бошиға!

Туну-кунунга айлагали нур фош!

Бирисин ой айла, бирисин қуёш!

Иста ато йўлида фидо жон қилмоқ,

Қуллуқ аноға имкон қилмоқ,

Зуҳри адаб истасанг фаровон қилмоқ,

Бил ани ато-аноға эҳсон қилмоқ.

Фарзанд ато қуллуғин чу одат қилғай,

Ул одат ила касби саодат қилғай,

Ҳар кимки, атоға кўп риоят қилғай

Ўғлидан анга бу иш сироят қилғай

 

Ҳақиқатда ота-она ўз фарзандларини боқиб, вояга етказар экан, уларга турмуш кечиришнинг йўл-йўриқларини, касб-ҳунарларини ўргатади. “Қуш уясида кўрганини қилади” дегандек, фарзандлар ҳам ота-она бағрида ўсиб-улғаяр эканлар, уларнинг юриш-туришидан,  гап-сўзидан, ҳатти-ҳаракатидан, касбу-коридан ибрат олиб, тажриба ва ҳунар орттириб, “кўзлари пишиб” боради.

Шунга кўра бизнинг туғилиб, эс-ҳушимизни танишимизда, вояга етиб, билим ва касб эгаллашимизда, инсоний фазилатлар ва яхши хулк соҳиби бўлиб етишишимизда, ҳулласи жамиятга муносиб комил инсонлар қаторидан жой олишимизда ота-онанинг буюк хиссаси борлигини хеч ким инкор қила олмайди.

Дархакиқат, ота-онамиз бизнинг дунёга келишимизга сабабчи бўлади, вояга етишимизда уларнинг саъй-ҳаракатлари беқиёс.

Ота ва она! Бу муқаддас номлар олдида барча мақтовлар ҳеч нарса эмас, барча баландпарвоз мақтовлар ота-онанинг фарзандга берган муҳаббати олдида гўёки пуч ва арзимасдек. Шунинг учун ота-онага муҳаббат – барча яхши фазилатларнинг асоси. Бу зотлар билан муносабатда самимий бўлиш, ҳар бир ишга улардан рухсат ва ижозат сўраш, улар истаган тартиб-интизомга риоя қилиш каби феълларда собит туриш фарзандлар учун муҳимдир. Айтайлик, биз ҳамиша қарздор бўлган энг улуғ зот онамиздир. Она муҳаббатидан муқаддасроқ ва беғаразроқ ҳеч нарса йўқ. Ҳар қандай меҳр-муҳаббат, унга нисбатан ё ожиз, ё ғаразли, ё соҳта, ё миннатли туюлади. Сабаби она қалби ўз фарзандига нисбатан битмас-туганмас раҳм-шафқат манбаидир. Инсон ўз онасини руҳий жиҳатдан ҳам ўзига қадрдон деб билиши ноёб бахтки, она меҳри  чексиз бўлиб, бутун дунёни кўкрак сути билан боққан, тўйғизган. Шунданми онамизни шарафлаш ҳам фарз, ҳам қарз. Аслида инсондаги бутун гўзаллик Аллоҳнинг неъмати, ой ва қуёш нуридан. она меҳридан товланади. Бир сўз билан айтганда уларга муносабатимиз қандай бўлса, болаларимиз ҳам бизга шундай муомала қилиши гўёки тайёрлаб қўйгандек ёдда тутиш лозим. Фарзандларнинг ота-она олдидаги бурчлари ва қарздорлиги тўғрисида қисқа кўринишда ва ёйилган шаклда ояти карима, ҳадиси шарифлардан батафсил маълумот беришга ҳаракат қилмоқчимиз. Чунки, бу борада керак бўлса ҳар кун панд-насиҳатлар қилинаётгандек кўринади. Бироқ, ўртадаги муносабат айтилган даражада натижа бермаган ҳолатлар ҳам мавжуд. Ота-боланинг ўртасидаги муносабатларни изидан чиққани ҳаётда учрайди. Бир-бирларига тушуниб етишларининг қийин ҳолатлари кундалик ҳаётимизда, кўз ўнгимизда кечар экан баъзида афсусланарли мулоҳазалар киши тасаввурига келади. Энг қимматли, энг қадрли инсон падари бузрукворни кўнгли, дили, ҳохиш иродаси десак адашмаган бўламиз. Гоҳо, фарзанд нури дийдасидан узоқлашиб қолган отанинг нидоларига ҳам дуч келамиз. Шулардан бирини шоир шерга басталаб, фарзанд кўнглини қалбига яқин қилишга ёлворгани тўғрисида бир байтни ҳузурингизга ҳавола қилмоқчимиз.

 

Илоҳо икки оламда бўлинг ҳурсанд сафо, ўғлим,

Бўлибсиз сарсон жаҳолат йўлларида мубтало, ўғлим.

Отангиз ҳам, онангиздан ҳамиша Ҳақ ризо, ўғлим,

Кўриб раҳм айласин бу ҳолларига доимо, ўғлим,

Дебон бу илтимосим, қилурман ҳам дуо ўғлим.

 

На дерман, бандадурман, ўзимда ҳеч ихтиёрим йўқ,

Касалликка банд эрурман, шифобахш  дори-дармоним йўқ,

Агар-да, кўрмасам фарзанд, дами лаҳза қарорим йўқ,

Бу аҳволимни билур Ҳақ, дилимда ҳеч ғуборим йўқ,

Анинг чун сизга айтдим, бу сўзимни қимматбаҳо ўғлим.

 

Саломат бўлсангиз, ўғлим, яқин кунларда кўргайсиз,

Болангиз катта бўлганда менинг қадримга етгайсиз,

Менингдек қийналиб ҳам истаган вақтида кўрмайсиз,

Тараҳҳум қилсангиз, ўғлим, ғаразгўй сўзига кирмайсиз,

Ёмонлардан қочинг-да, ҳаргиз бўлманг ошино, ўғлим.

 

Деди Аллоҳ: “Агар фарзанд ота-онани унутмайдур,

Гуноҳини кечурман, гар баъзида амримни тутмайдур,

Ота бирла анога фарзанд хизматни қилмайдур,

Ўшал фарзанд ноқобил, билинг, иззатни кўрмайдур”

Бу сўзларни ёзгандир китоби Кимиё ўғлим!

 

Агар айтсам, малол келгай, лоақал уч кунда кўрмайсиз,

Қўяй уч кунни четга, болам, ўн кунда кўрмайсиз,

Надур айбим, билолмам, яна бир ойда кўрмайсиз,

Жонимдан ўтди-ку, ўғлим, нега ҳолимни сўрмайсиз,

Қариб, куч-қувватим кетди, бўлинг энди паноҳ, ўғлим.

 

Билурман яхши, ўғлим, ёмонлар бирла юрмайсиз,

Ўзиниз эҳтиёт айлаб тамаки, носни чекмайсиз,

Ва лекин ушбу айбингиз – уч ойда ҳам кўринмайсиз,

Ҳаётли вақтимда, ўғлим, менинг қадримга етмайсиз,

Қаритди бу ғамингиз бериб қўлга асо, ўғлим. 

 

Қиёмат тонги отганда, ҳамма анда терилганда,

Худойим қози бўлганида, китобимиз кўрилганда,

Бизларни ҳам маҳшаргоҳда сарҳисоб қилинганда,

Бу навбат бизга келганда, малоикалар чақирганда,

На дерсиз сўз тополмай, ҳамиша бевафо ўғлим?

 

Сўзим охир этай, ўғлим, умр бир ондаги вақтдур,

Ҳама аҳбобу аҳрорлар кетарга лаҳза мухлатдур,

Ўзини билган кишиларга ниҳоятда ғаниматдур,

Насиҳатни эшитганлар, билингки, аҳли давлатдур,

Агар айтсам, адо бўлмас, бўлинг булбулнамо, ўғлим.

 

Тиловатни дариғ тутманг ҳамиша бу отангиздан,

Саҳарлар уйғониб боққан, ғариб ўлган онангиздан,

Тамоми ёру дўстлар, яна бобо-момонгиздан,

Олинг ибратни, эй ўғлим, ширин бўлган болангиздан,

Нисорийдек бўлиб кетманг юриб ҳоли ҳароб, ўғлим!

 

Бу шеър мазмуни ҳар қандай қалби пок инсонга таъсир қилмай иложи йўқ.

Айтилинаётган илтижо билан кишини ўзига тортмаслиги мумкин эмас.  Шунга кўра, қуйида фикр-мулохазаларни кенгрок, теранроқ батафсил келтириб ўтишга қасд қилдик. Шояд, ота-оналарни хурмат қилишни ўрганишда, ўргатишда уларни хизматига шай бўлишга ўзимизда қувват топсак, туриб бера олсак. Ота-онага қандай муносабат кўрсатиш лозим деган саволга имкониятимиз даражасида жавоб беришга ҳаракат қилдик.

Ота-она ва фарзанд муносабатлари хақида оят ва ҳадислар уларни дуосини олишда ва охиратни обод қилишда кўмак берса! Аллоҳ таоло барчаларимизни фарзандлик бурчини тўла адо этишимизни, ота-оналарини рози қилиб, Унинг ризолигига эришувимизни насиб этса

Демак, сўзимизни давоми билан сизни сайтимизда кутиб қоламиз.

А.Турсунов

Манба: Ravza.uz