Ўзбекистон | 12:34 / 11.07.2016
16477
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда мобил алоқа хизматларини кўрсатиш қоидалари янгиланишига тайёргарлик кўрилмоқда

Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги янги таҳрирдаги Мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш қоидалари лойиҳасини муҳокама учун эълон қилди. Амалдаги қоидалар 2009 йилда кучга кирган эди.

«Газета.uz» хабарига кўра, ҳужжатдаги асосий ўзгаришлардан бири алоҳида параграфнинг қўшилиши бўлиб, унда бир ёки бир неча операторларга хизмат қилувчи дилерларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари келтириб ўтилган.

Қоидалар лойиҳасида операторлар ўз сайтларида дилерлар рўйхати, улар ва хизмат кўрсатиш пуктларининг манзилларини тақдим этиши мажбурий экани кўрсатиб ўтилган. Дилерлар қўпол хатоларга йўл қўйган тақдирда, улар билан тузилган шартномани бузишгача бўлган мажбуриятлар кўзда тутилган.

Ҳужжатда операторлар томонидан алоҳида пулли хизматлар учун абонентлардан уларнинг пулли экани тўғрисида дастлабки огоҳлантиришсиз маблағ олинган тақдирда, мазкур ҳаракат кўрсатилмаган хизмат учун пул олинганлик билан тенглаштирилиши белгиланган.

Операторларга абонентларни пулли ёки имтиёзли дақиқа, SMS, интернет трафик ва бошқа SMS юбориш йўли билан кўрсатиладиган хизматлар, шунингдек, абонентларнинг USSD-талаби орқали тақдим этиладиган USSD-хабарлар тугагани тўғрисида огоҳлантириш мажбурияти ҳам юклатилмоқда. Абонентга бу каби маълумотларни тақдим этиш SMS юбориш ёки оператор call-марказидан қўнғироқ қилиш орқали бепул тақдим этилади.

Ҳар бир трафик йўналиши бўйича жўнатилган ёки қабул қилинган маълумотлар трафикацияси бирлиги ҳар бир интернет-сессияси алоҳида ҳисобга олинган ҳолда 15 кб дан ортиқ бўлмаган ҳолда белгилаш таклиф этилмоқда.

Абонентларнинг операторга мурожаатини кўриб чиқиш муддати 30 кундан 15 кунга қисқартириш таклиф этилмоқда. Зарурат туғилган тақдирда эса материалларни ўрганиш муддати бир ойгача узайтирилиши мумкин.

Абонентларга оммавий SMS, спамлар юбориш, фирибгарликларга, шунинглек, абонент рақамларидан ноқонуний фойдаланишларга йўл қўймаслик мажбуриятини юклаш ҳам таклиф қилинмоқда.

Операторларни абонент маълумотлари ўзгарганлиги тўғрисида огоҳлантириш муддатини 30 кундан 15 кунга қисқартириш ҳам ўзгаришлардан ўрин олган.

Қоидалар лойиҳасида абонентнинг операторга шартнома бузилганда аванс сифатида тақдим этилган пул маблағларини қайтариш тўғрисида мурожаат қилган тақдирда, оператор қолдиқ маблағни 15 иш кунида қайтариши мажбурияти аниқлаштирилди (амалдаги қоидаларда муддат белгиланмаган).