Жамият | 16:34 / 21.07.2016
7424
5 дақиқада ўқилади

2016 йилнинг биринчи ярмида 1000 га яқин фуқаронинг бузилган меҳнат ҳуқуқлари қайта тикланди

2016 йил 16 июль куни Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлигининг марказий аппарати, ҳудудий ва тасарруфий ташкилотлари раҳбарлари иштирокида, вазирлик тизими фаолиятининг I-ярим йиллик якунлари ва жорий йилда устувор вазифалари бўйича Ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди.   

Мажлисда Меҳнат вазири А.Абдуҳакимов Меҳнат вазирлиги фаолиятининг 2016 йил I-ярим йиллик якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган кўрсаткичларни сўзсиз бажарилишини таъминлаш чораларига асосий эътиборни қаратди. Шунингдек  ҳайъат мажлисида I-ярим йилликда банд бўлмаган аҳолини ишга жойлаштириш, касбга ўқитиш масалалари бўйича олиб борилган ишлар хусусида ҳисобот тингланди. 

Жумладан, 2016 йил январь-июнь ойларида 193 та туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш марказларига мурожаат этган 124,6 минг нафар фуқароларнинг ишга жойлаштирилишига кўмаклашилди.  Ҳисобот даврида иш қидираётган фуқаролар учун мақбул келадиган ишни қидириш муддатини қисқартириш мақсадида 692 та бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилиб, уларда 32,0 мингта иш берувчи вакиллари ва 114,8 минг нафар иш қидираётган фуқаролар иштирок этишди. Ярмаркалар натижасига кўра 31,9 минг нафар шахслар ишга йўлланма олишди, 80 минг нафардан ортиқ фаол иш қидираётганларга меҳнат, бандлик ва ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлар берилди.  

Меҳнат бозорида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифалари бандлигини таминлаш учун маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда банд қилинган (квота) иш ўринларига 36,8 минг нафар фуқаро жойлаштирилди. Шу билан бирга 3,5 минг нафар ишсиз фуқаро тикувчилик, тўқувчилик, электрик, пайвандчилик, бўёқчилик, сувоқчилик, компьютер техникаси оператори ва бошқа шу каби меҳнат бозорида талаб қилинаётган касблар бўйича ўқитилди, 815 нафар ишсиз “Усто-шогирд” усулида миллий ҳунармандчиликнинг гилам тўқиш, ганчкорлик, теридан, дарахтдан ва темирдан бадиий маҳсулотлар тайёрлаш, миллий қандолатчилик ва бошқа турлари касблар бўйича ўқитилди ва ўргатилди, 4,9 минг нафар ишсиз фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди. 

Ҳайъатда иш ўринларини ташкил этиш дастурлари ижросига алоҳида эътибор қаратилди. 2016 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг мақсадли параметрларини сўзсиз бажариш юзасидан мувофиқлаштирилган ишларни ташкил этиш бўйича доимий ишловчи ҳудудий комиссиялар томонидан тақдим қилинган маълумотларга кўра, жорий йилнинг январь-июнь ойларида барча соҳаларда республика бўйича 462,5 мингта иш ўринлари яратилди уларнинг 59,8 фоиз қишлоқ ҳудудларига тўғри келади.  Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекциясининг 2016 йил бир ярим йилликдаги фаолияти тўғрисида, инспекция бошлиғи хисобот берди. Унга кўра, инспекция томонидан 2016 йил бир ярим йиллик давомида мазкур тасдиқланган режа асосида, ҳуқуқ тартибот идоралари билан ҳамкорлик доирасида жами 3,2 мингдан ортиқ текшириш ва назорат тадбирлари ўтказилган. Аниқланган ҳолатлар бўйича иш берувчиларга нисбатан меҳнат ҳуқуқлари 1,6 мингдан ортиқ бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар берилган, 2,2 мингдан ортиқ мансабдор шахсларга маъмурий жарималар қўлланган.

Шу билан бирга, жисмоний ва юридик шахсларга алоқадор 2,4 мингта ариза ва шикоятлар кўриб чиқилган, жумладан, иш ҳақини ўз вақтида тўланмаслиги бўйича 804 та, меҳнат қонунчилигига зид равишда меҳнат шартномасини бекор қилиш масаласида – 583 та, меҳнат дафтарчаларини юритилиши бўйича 204 та, айрим тоифадаги ходимларга бериладиган кафолатлар бўйича 77 та мурожаатлар кўриб чиқилиб, иш берувчи – мансабдор шахсларга нисбатан тегишли таъсир чоралар қўллаш орқали 1000 га яқин фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Йиғилишда Давлат меҳнат техника инспекторлари ва меҳнат шароитлари экспертлари томонидан 1-чи ярим йилликда ўтказилган текширувлар ва сохадаги фаолият юзасидан хисобот берилди. Жумладан, ушбу даврда тасдиқланган режага биноан худудий меҳнат Бош бошқармалари томонидан 311 текширишлар ўтказилди. Уларда меҳнат муҳофазаси қонунчилиги ва техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаслик холатлари бўйича жами  15750 та камчиликлар аниқланган бўлиб, 13294 таси (84,4 фоиз) бартараф этилганлиги ҳақида корхоналардан маълумотлар олинган. 

Текширишларда Давлат меҳнат техник инспекторлари томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш қоида ва меъёрларига амал қилинмаганлиги учун 1128 нафар мансабдор шахсларга маъмурий жарималар қўлланилган.   Бахтсиз ҳодисалар юзасидан ўтказилган 193 та махсус текширишдан 175та корхона ва ташкилотнинг (90,6%) мансабдор шахсларга нисбатан 132 млн сўм миқдорида маъмурий жарима солинган. Мажлисда вазирлик тизимида иш юритиш, ижро интизоми назоратини ташкил этиш ва кадрлар билан ишлашни такомиллаштириш юзасидан олиб борилаётган амалий ишлар тўғрисида ахборот берилди. Ҳайъат мажлисида кун тартибига қўйилган барча масалалар бўйича муҳокама қилинди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.