Жаҳон | 12:46 / 22.07.2016
15305
2 дақиқада ўқилади

Чилида 70та китнинг ўлими сабаблари ўрганилмоқда

Фото: Dailynews

Чили ҳукумати мамлакат жанубидаги китларнинг оммавий ўлими қайд этилган янги ҳолатни ўрганиб чиқмоқда. Cooperativa радиостанциясининг хабарига кўра, Клеман ороли қирғоғида камида 70та ўлик мавжудот топилган

Яқин кунларда китларнинг жасади топилган жойга экспедиция йўл олади, унинг аъзолари таҳлил учун намуналар олиши ҳамда ҳалок бўлган денгиз мавжудотларининг сонини аниқлаши керак бўлади. Чили балиқчилик миллий хизмати ходимларининг фикрича, сут эмизувчиларнинг ўлимига микроскопик сув ўтларидан ажралиб чиқадиган токсинлар сабаб бўлиши мумкин. Уларнинг тезкор кўпайиши "қизил тўлқин" номини олган. Бундай ҳолатда  сувдаги токсинлар концентрацияси денгиз мавжудотларининг ҳалокатига сабаб бўлади. 

Бу Чилида  денгиз мавжудотларининг сўнгги пайтда рўй бераётган биринчи оммавий ҳалокати эмас. Ўтган йилнинг ноябрида Тинч океанининг Пеньяс кўрфази соҳилларида 300дан ортиқ китнинг жасади топилган. Таҳлил натижалари шуни кўрсатдики, жониворлар "қизил тўлқин"нинг қурбони бўлишган.  

Жорий йилнинг май ойида Чилининг иккита минтақаси - Лос-Риос ва Лос-Лагос - санитарик хавф ҳудуди, деб эълон қилинган. Токсинлар минглаб денгиз мавжудотларининг ўлимига олиб келган. 

Мавзуга оид