Жаҳон | 17:48 / 22.07.2016
9443
2 дақиқада ўқилади

Польша Волин фожиасини геноцид сифатида тан олди

Фото: © Flickr

Польша парламентининг қуйи палатаси, Украина миллатчилари ташкилоти ва Украина исёнчи армиясининг 1943—1945 йилларда польякларга қарши содир этган жиноятларини геноцид сифатида тан олиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тасдиқлади

Польша Сейми 11 июлни Волин геноциди қурбонлари хотираси куни деб эълон қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиққан. 

«1943—1945 йилларда содир этилган хунрезликлар сабаб 100 мингдан ортиқ фуқаро ўлдирилган эди. Уларнинг аксарияти деҳқонлар бўлган», — дейилади ҳужжатда.

Эслатиб ўтамиз, июль ойи бошида Польша Сенати «Ҳуқуқ ва адолат» ҳукмрон партияси томонидан таклиф этилган Волин фожиасида ҳалок бўлганларни геноцид қурбонлари деб тан олиш тўғрисидаги лойиҳани маъқуллашни Сеймга тавсия қилган эди. 

Аммо, расмий Киев бу воқеаларга бошқача ёндашади. 2015 йили Украина Олий радаси Украина миллатчилари ташкилоти ва Украина исёнчи армиясини мустақиллик учун курашувчилар сифатида тан олганди. 

Экспертларнинг фикрича, Сеймнинг 11 июлни Польша халқини геноцид қилиш қурбонлари хотираси куни деб эълон қилиш Польша-Украина муносабатларини таранглаштириши мумкин.

Мавзуга оид