Жаҳон | 22:16 / 27.07.2016
10734
2 дақиқада ўқилади

Маҳмуд Аббос Исроилни ташкил этишда айблаб Британияни судга бермоқчи

Фаластинликлар етакчиси Маҳмуд Аббос Буюк Британияни Исроилни ташкил қилгани учун судга бермоқчи. Бу ҳақда The Independent хабар тарқатди.

Фаластин ТИВ раҳбари Риёз ал-Маликийнинг Мавритания пойтахти Нуакшот шаҳрида ўтган Араб давлатлари лигаси саммитида маълум қилишича, Аббос Лондон устидан халқаро судга мурожаат қилади. Фаластинликлар етакчиси Буюк Британияни 1917 йилги Бальфур декларацияси орқали «Исроил жиноятини қўллаб-қувватлаш»да айблайди.

Аббоснинг фикрича, британияликлар ҳукумати «фаластинликлар ерига яҳудийларнинг оммавий равишда кўчириб келтирилиши»га масъул.

Ал-Маликий АДЛ аъзоларини бу ўринда Аббосни қўллаб-қувватлашга чақирган.

Исроил ҳукумати Фаластиннинг бу баёнотига жавоб қайтарди.

Бош вазир Биньямин Нетаньяҳу «Аббоснинг бу ғояси араб-исроил зиддиятини алангалатишдан бошқа иш эмаслиги» ҳақида гапирган.

Бальфур декларацияси — 1917 йилнинг 2 ноябрида Буюк Британия ТИВ раҳбари Артур Бальфурнинг лорд Уолтер Ротшильдга йўллаган расмий мактубидир. Унда Фаластин ҳудудида яҳудийлар учун ер ажратиш мақсади келтирилган. Бир неча ойлардан кейин бу декларацияни Франция, Италия ва АҚШ қўллаб-қувватлайди, 1920 йилнинг 24 апрелида декларация тасдиқланади.