Жаҳон | 19:36 / 29.07.2016
13593
6 дақиқада ўқилади

Клинтон хонимнинг "оғир артиллерияси"

АҚШнинг Пенсильвания штати Филадельфия шаҳрида мамлакатнинг йирик сиёсий воқеликларидан бири - Демократик партиянинг 4 кунлик умуммиллий съезди поёнига етди. Гарчи, унинг якуний қарори аввалбошданоқ маълум бўлганига қарамай, анжуманни тарихий дейишга асос бор. Келинг, бу ҳақда қуйида фикр юритамиз. 

Съезд ўзгача, кўтаринки руҳда ўтказилди. Демократлар ўзларининг асосий сиёсий рақибларини ортда қолдириб, жиддий партиянинг ҳақиқий съезди қанақа бўлишини кўрсатиб қўймоқчи бўлишди ва кузатувчиларнинг фикрича, улар бунинг уддасидан чиқишган. Демократлар, республикачиларнинг бир ҳафта аввал бўлиб ўтган бош форумини цирк ва масхарабозлик деб аташди. Бунга, Мелани Трампнинг ўз нутқида ҳаддан ортиқ кўчирмачиликка йўл қўйгани, озми-кўпми сабаб бўлди. 

Бироқ, 22 июль куни махфий сирларни ошкор қилувчи WikiLeaks портали Демократик партияси Марказқўмининг ички фойдаланишдаги серверларидан ўғирланган 19 мингдан ортиқ электрон мактубларни эълон қилди. Ундан, партия раҳбарияти сайловолди праймеризида Клинтонни қўллаб-қувватлагани маълум бўлганди.

Бу можародан сўнг, 24 июль куни ДПМ раиси ва конгрессмен Дебби Вассерман-Шульц съезд якунлангач, истеъфога чиқишини билдирди. Бироқ, келгуси кундаёқ, уни ўз штатидан келган делегатлар ҳуштакбозлик билан қаршилашгач, партия съездини очиш режасидан воз кечишга мажбур бўлди. 

Партия миллий қўмитаси, сенатор Берни Сандерсга «электрон почта орқали билдирилган кечириб бўлмас эслатмалар учун» ўз узрини билдирди.

Съезд арафасида бўлган бу можаро сабаб, Берни Сандерс тарафдорлари норозилик билдиришганига қарамай, Ҳилларининг номзодини АҚШ президентлиги учун илгари суриш борасидаги овоз бериш жараёни силлиққина ўтди. Ва бунда, айнан Вермонт сенатори сўнгги сўзни айтди. Номзодни тасдиқлаш учун 2383 овоз кифоя қилгани ҳолда, Клинтон съезд делегатларининг 2821 овозини тўплаган вақтда, Сандерс сўзга чиқиб, Ҳиллари номзодини оддий йўл билан тасдиқлашни таклиф этди. Тўпланганлар бу таклифга олқишлар билан жавоб қайтаришди. 

Ҳиллари сайловолди кампаниясининг ўзига хос яширин қуролларидан бири шу бўлдики, унинг штаби Ҳиллари номзодини илгари суриш Қўшма Штатлар учун тарихий аҳамиятга эга воқеалигини имкон бўлди дегунча, сайловчилар ёдига солаверди. Биринчидан, Клинтон хоним праймеризда ғалаба қозонган илк аёл номзод бўлди. Иккинчидан у, Америка етакчилиги учун йирик партиядан илгари сурилган биринчи аёл номзод бўлди. Шу билан у, АҚШнинг биринчи аёл президенти бўлиш имконига эга бўлиб турибди.

Ҳилларини қўллаб-қувватлаш мақсадида минбарга чиққан актриса ва ҳуқуқ ҳимоячиси Мэрил Стрип ўз ҳиссиётларини яшириб ўтирмади ва маърузасининг дастлабки 10 сониясини овози борича бақириш билан ўтказди. 

Американинг ҳозирги биринчи хоними Мишель Обаманинг чиқиши съезд биринчи кунининг энг шов-шувли ҳодисаси сифатида эътироф этилди. Ахир, у, Дональд Трампнинг исмини бир марта бўлсин тилга олмай, миллиардерни танқидларга кўмиб ташлашни ажойиб тарзда уддалай олди. 

Таъкидлаш жоизки, Ҳиллари Клинтон номзодини кўплаб юлдузлар қўллаб-қувватлашди, Кэти Перри демократлар кайфиятини кўтариш учун шахсан ташриф буюрди. 

Томошабинлар орасида, Брэдли Купер ҳамроҳлигидаги Ирина Шейкни ҳам кўриш мумкин эди. 

Аризона штатидан келган 102 ёшли энг кекса делегат алоҳида олқишларга сазовор бўлди. 

Ва албатта, Клинтонлар сулоласининг яна бир вакиласи Челси онасини табриклашдан четда тура олмади. 

Аммо, съезднинг дастлабки кунларида чиқиш қилган аёллар жамоаси Ҳиллари Клинтон “армия”сининг ягона вакиллари эмас эди. АҚШ собиқ ва амалдаги президентларининг чиқишлари ҳақиқий “оғир артиллерия зарбалари” бўлди. Съезд давомида уни 3 президент: 39- Жимми Картер, 42- Билл Клинтон ва амалдаги 44- президент Барак Обама қўллаб-қувватлаб туришди.

Хусусан, Барак Обаманинг фикрича, Ҳиллари АҚШ президентлигига энг муносиб ва яхши тайёрланган номзоддир. Президентнинг қайд этишича, “устаси фаранг” Ҳиллари энг қийин дамларда ҳам ўзини йўқотмайди ва барчага ҳурмат билан мурожат қила олади.

Вице-президент Жо Байденнинг чиқиши ўз навбатида ҳис-ҳаяжонларга бой бўлди, дейиш муболаға бўлмайди. У, бир неча бор Трамп президентлигига йўл қўймасликни сўраганда, съезд қатнашчилари Байденнинг ҳайқириқларига жўр бўлишди.

Нью-Йорк шаҳрининг собиқ мэри, медиамагнат Майкл Блумберг ҳам Клинтон номзодини қўллашини билдирар экан, Трамп борасида фикрлари билан ўртоқлашди. 

“Трампнинг айтишича, у бизнесини бошқаргани каби мамлакатни ҳам бошқармоқчи. Худо ёрдамчимиз бўлсин! Мен Нью-Йорк фуқаросиман ва мен фирибгарни яхши ажрата оламан”, -деган Майкл Блумберг. 

Режиссёр Жеймс Кэмерон эса, Демократик партия анжуманида қисқаметражли ҳужжатли фильм “Not Reality TV”ни намойиш этиб, Трампни «ўта ўйсиз» ва «ўта хавфли» деб атади.

28 июль куни кечқурун, анъанага кўра, съезднинг сўнгги онларида Ҳиллари Клинтон партиянинг таклифини қабул қилди ва президентлик учун номзоди илгари сурилганига розилик билдирди.