Ўзбекистон | 11:37 / 01.08.2016
42559
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ОЎЮда кириш имтиҳонлари бўлиб ўтмоқда

Иллюстратив сурат

Бугун, 1-август эрталабки соат 8:30да Ўзбекистоннинг барча олий ўқув юртларида кириш тест имтиҳонларига старт берилди. Қайд этиш жоизки, бу йил олий таълим муассасаларига 57, 9 минг йигит ва қизлар ўқишга қабул қилинади. 

Давлат тест маркази маълумотларига кўра, бу йил мамлакат ОЎЮга ҳужжат топширган абитуриентлар сони 663,2 мингдан ортади. 

Шу билан, мамлакат бўйича ўртача битта ўринга 11-12 нафар абитуриент даъвогарлик қилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Термиз Давлат университети энг оммабоп олий таълим муассасаси номига сазовор бўлган. Унга, 37676 абитуриент ҳужжат топширган. ОЎЮ орасида энг кам танлангани Миллий рақс ва хореография олий мактаби эканига ойдинлик киритилган. Жами 227 нафар ёшлар ушбу мактаб талабаси бўлишни орзу қилмоқда. 

Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона бўлими танлов энг юқори бўладиган ОЎЮ ҳисобланади. Унинг 135 та талабалик ўрнига 3352 киши курашади. Бу бир ўринга ўртача 24,83 абитуриент тўғри келишини англатади. 

Барча абитуриентларга ўзлари танлаган олий ўқув юртига кириш имтиҳонини муваффақиятли топшириб олишни тилаймиз!

Мавзуга оид