Жаҳон | 16:24 / 02.08.2016
8742
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған: Туркия фуқароларининг ярмидан ортиғи ўлим жазоси жорий этилиши тарафдори

Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг маълум қилишича, мамлакат аҳолисининг 57 фоизлик қисми ўлим жазоси тикланишини қўллаб-қувватлайди.

"Буни фуқароларнинг 57 фоизи истамоқда, агар парламент ўлим жазоси тарафдори бўлса, бунга ҳеч ким қаршилик кўрсата олмайди", деган у Италиянинг RaiNews24 телеканалига берган интервьюсида.

Бундан аввалроқ президент Туркиядаги ҳарбий тўнтаришдан сўнг мамлакатда ўлим жазоси тикланиши мумкинлиги ҳақида айтиб ўтганди. Унинг сўзларига муносабат билдираркан, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Федерика Могерини хоним бу иш амалга ошса, Туркиянинг халқаро тузилмага қўшилиши имконсиз бўлиб қолишидан огоҳлантирди.

Туркия адлия вазири Бакир Бўздоғ ўлим жазосининг қайтарилиши халқ иродасига боғлиқлигини таъкидлади.

Еврокомиссия раиси Жан-Клод Юнкер Анқара мамлакатда ўлим жазосини тиклагудек бўлса, Евроиттифоқ Туркиянинг тузилмага кириши юзасидан музокараларни зудлик билан тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилишини билдирди.

Маълумот учун, Туркияда Евроиттифоқ меъёрларига мутаносиб бўлиш учун 2004 йили ўлим жазосини бекор қилинган. Мамлакатда 1984 йилдан бери олий жазо ижро этилмайди.