Ўзбекистон | 01:07 / 03.08.2016
20741
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг уч нафар фуқароси террорчиликни тарғиб қилгани учун озодликдан маҳрум этилди

Google image

Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилояти суди уч нафар фуқарони "Туркистон ислом ҳаракати" (ТИҲ) халқаро террорчилик ташкилотининг материалларини тарқатгани учун 5 йилдан 6 йилгача озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот муассасаларига иқтибос келтирган ҳолда РИА “Новости” ахборот агентлиги хабар берди. 

"Судланувчилар электрон ташувчилар – флеш-карта ва дискларда ТИҲнинг "ислом ҳалифалигини" тузишга чақириқлари бўлган видео ва аудиоматериалларни тарқатганлар", деб маълум қилинди.

Тергов маълумотларига кўра, судланувчилар Россияда ишлаб юрганларида ТИҲ издошлари билан танишганларидан кейин унинг таъсирига тушиб қолганлар.  

Ўзбекистонда ТИҲнинг аъзолари ва тарафдорлари қўлга олиниб келинади. 2015 йил ноябрда Наманганда 4 нафар фуқаро ТИҲ ғояларини тарғиб қилувчи материалларни контрабанда қилиш айби билан 8 йилгача озодликдан маҳрум этилганди.

Бош қароргоҳи Афғонистонда жойлашган ТИҲ (Собиқ "Ўзбекистон ислом ҳаракати") 1996 йилда Афғонистонга қочиб кетган Ўзбекистонда тақиқланган сиёсий партиялар фаоллари томонидан яратилган. Россия, АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари бу ташкилотни террорчилик ташкилоти деб тан олганлар. Ташкилот "Ал-Қоида" ва "Толибон" террорчилик ташкилотлари билан боғланган. 2014 йилда ТИҲ ИШИД жангариларига қўшилишини маълум қилган.