Жаҳон | 11:03 / 06.08.2016
11223
2 дақиқада ўқилади

Трамп: “АҚШ Россия билан келишиб, ИШИДни йўқ қилиши керак”

Фото: EPA

АҚШ Россия билан муносабатларини тиклаб, ўзаро ҳамкорликда ИШИД террорчи гуруҳига барҳам бериши керак. Америка президентлигига республикачилар партиясидан номзод Дональд Трамп, Висконсин штати Грин-Бэй шаҳрида ташкил этилган учрашувда шундай фикрларни илгари сурган. 

"ИШИДни тугатиш керак. Биз, АҚШ Қуролли кучлари қудратини тиклаймиз ва ўз томонимизга бошқаларни ҳам жалб этамиз. Ҳа айтганча, Россия билан келишиб олиш ҳам ёмон бўлмайди. Улар, дангал, таптортмай, жасурона гапиришади. Ахир, улар ва бошқалар билан келишган ҳолда ИШИДни йўқ қилсак, яхши бўлмайдими?", - деган Трамп анжуман қатнашчиларига. 

"Биз биргаликда Американи тинч, хавфсиз ва гуллаб-яшнаган давлат қиламиз", - деган сиёсатчи. 

Эслатиб ўтамиз, Дональд Трамп, 19-июнь куни Британиянинг The Sunday Times ва Италиянинг Corriere della Sera газеталарига берган интервьюсида, Қўшма Штатлар ва Россия муносабатларининг тикланиши жаҳон ҳамжамиятига фойда келтиришини айтган эди. Унинг фикрича, ушбу икки мамлакат имкониятларини бирлаштириш, салбий эмас, ижобий самара беради.