Жамият | 16:04 / 09.08.2016
11506
2 дақиқада ўқилади

Сохта Korzinka.uz’лар фаолиятига чек қўйилди

Давлат Рақобат қўмитаси Korzinka.uz товар белгисидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатига чек қўйди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ушбу товар белгиси (Korzinka, Korzinka.uz, Korzinka) Anglesey food шўъба корхонаси томонидан Интеллектуал мулк агентлигида рўйхатга олинган бўлиб, унинг интеллектуал мулки ҳисобланади.

Давлат Рақобат қўмитасига Anglesey food шўъба корхонасининг мурожаати келиб тушган бўлиб, мурожаатда унга тегишли бўлган товар белгисидан рухсатсиз фойдаланилаётганлиги кўрсатилган.

Ўрганиш давомида ЯТТ «Мадаминов З» томонидан Қўқон шаҳри, Ҳувайда кўчаси, 30-манзилда жойлашган савдо дўконида Korzinka товар белгиси билан адаштириб юбориш даражасида бир хил бўлган товар белгилар остида савдо фаолияти билан шуғулланаётганлиги аниқланди.

Шунга ўхшаш юқоридаги товар белгисига нисбатан бўлган ҳуқуқнинг бузилиши Наманган шаҳрида «Ибратомуз қурилиш» хусусий фирмаси ва «Спeктр саноат савдо» МЧЖ томонидан, шунингдек, Қўқон шаҳрида хусусий тадбиркор «Мадаминова Паридахон» томонидан амалга оширилган.

Давлат Рақобат қўмитаси томонидан тегишли ишларнинг амалга оширилиши натижасида қонунбузарлик ҳолатига чек қўйилди.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикасининг «Рақобат тўғрисида»ги қонуни 13-моддасига мувофиқ юридик шахснинг интеллектуал фаолияти натижаларидан ва уларга тенглаштирилган индивидуаллаштириш воситаларидан, товарни индивидуаллаштириш воситаларидан қонунга хилоф равишда фойдаланган ҳолда товарни реализация қилиш инсофсиз рақобат ҳисобланади ва қонун билан тақиқланади.