Жаҳон | 07:40 / 11.08.2016
6009
1 дақиқада ўқилади

БМТ: июлда Донбассда ҳалок бўлган тинч аҳоли сони энг кўп бўлди

Жорий июлда Донбассдаги ихтилоф туфайли ҳалок бўлган ва яраланган тинч аҳоли сони 2015 йил сентябридан бери рекорд даражада бўлди. Бу ҳақда Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси ҳисоботида айтилмоқда.

"Тинч аҳоли орасида қурбонлар сони энг кўп бўлди. Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссар бошқармаси июлда ихтилофнинг жабрдийдаси 73 нафар тинч аҳоли вакили бўлганини қайд қилди", дейилмоқда ҳисоботда.

Улардан 8 нафари ҳалок бўлган, 65 нафари яраланган. Июнда 69 киши ихтилоф жабрдийдасига айланган, улардан 12 нафари ҳалок бўлган. Шунингдек, 2015 йил сентябридан 2016 йил майигача ойига ўртача жабрдийдалар сони 34 киши бўлгани таъкидлаб ўтилди. 

Аввалроқ БМТда Донбассдаги ихтилоф бошидан бери 10 мингга яқин одам ҳалок бўлгани маълум қилинганди.