Жаҳон | 19:11 / 11.08.2016
12687
2 дақиқада ўқилади

The Guardian Қримдаги қўпорувчиликка уринишдан сўнгги воқеалар ривожини тахмин қилмоқда

Россия ФХХ Киев маъмурияти томонидан Қримда ташкил этилган қўпорувчилик ҳаракатларининг олдини олгани ҳақида маълум қилганидан сўнг, воқеалар ривожининг уч хил сценарийсини тахмин қилиш мумкин, деб фикр юритади Британиянинг The Guardian газетаси.

Биринчи воқеалар ривожига кўра, расмий Кремль инқироздан фойдаланиб, Украинадаги можаро сабаб жорий қилинган санкцияларни бекор қилишга Ғарбни ишонтиришга уриниб кўради. 

Иккинчи тахминга мувофиқ, Россия ҳукумати «хавфсизлик йўлаги»ни барпо этиш мақсадида «чекланган миқдорда ҳарбий сафарбарлик жорий қилиши» эҳтимол. Бунда, Украинанинг Херсон шаҳридаги электростанция ҳам рус қўшинлари назоратига ўтади. 

Нашрнинг тахминича, қуруқликдаги хавфсизлик йўлагини барпо этиш, бирмунча мақсадга мувофиқ вариантдир. Чунки, бу билан Қримнинг сув ва электр таъминоти билан боғлиқ муаммоси ҳал этилади. Керчен бўғозидан ўтувчи кўприк яқин келажакда барпо этилиши сўроқ остида бўлгач, айни муаммолар яна кун тартибига чиққан эди. 

Бироқ, воқеалар ривожининг учинчи эҳтимолига биноан, «хаёлга келмаган қандайдир кенг қамровли ҳаракат» амалга оширилади.

The Guardian газетасининг қайд этишича, «янги Қрим инқирози йўқ жойдан пайдо бўлган» ва Россия ҳамда Украина томонининг баёнотларидан сўнг, «вазият кескин тус»да эканини англаш қийин эмас.