Жамият | 21:58 / 26.08.2016
10138
2 дақиқада ўқилади

Британиялик сайёҳ клубга бориб, тасодифан автобус сотиб олди

Британиялик сайёҳ Дэвид Литл Ибицадаги клубда ўтказилган кечадан кейин тасодифан Scania русумидаги автобусни сотиб олди. У бу ҳақда фейсбукда маълум қилган. 

Унинг айтишича, воқеа 24 августга ўтар кечаси содир бўлган. Литл испан оролидаги тунги клубдан чиқиб, смартфонини чўнтагидан олиб, интернетда қиймати 33,4 минг евро турадиган автобусни сотиб олганини билган.

"Мен бу юз берганига ишона олмаяпман. Ибица ҳаётларни барбод қилади!", деб ёзган Литл. Унинг хабари 43 минг лайк ва 5 минг репост йиққан.

The Daily Mail нашри маълумотларига кўра, дижей бўлиб ишловчи Литл автобусни eBay орқали сотиб олган. Литлнинг айтишича, автобус унга умуман керак эмас, бундан ташқари, унинг ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам йўқ.

Британияликнинг айтишича, у клубга боришидан аввал отаси унинг смартфонида автобусларни томоша қилиб ўтирган. Лекин отасининг ҳам автобус сотиб олиш нияти бўлмаган.  

Литлнинг тахминича, у маст ҳолатда телефонида кераксиз амалларни бажариб ёки смартфони чўнтагида бўлганда бехосдан тугмаларни босиб юбориб харидни амалга оширган бўлиши мумкин. Литл вазиятни ҳал қилиш учун eBay билан боғланган. 

 

Мавзуга оид