Жаҳон | 11:32 / 08.09.2016
16774
2 дақиқада ўқилади

Дональд Трамп: "Кўпроқ солдатлар, кўпроқ самолётлар, кўпроқ кемалар"

АҚШ президентлиги учун сайловда Республикачилар партиясидан номзод бўлган Дональд Трамп маълум қилдики, президентга айланса, мамлакатнинг ҳарбий қудратини оширади.

Трампнинг сўзларига кўра, у АҚШ Қуролли кучлари таркибидаги ҳарбийлар, кемалар ва самолётлар сонини оширмоқчи.

У шунингдек, президентлик лавозимини эгалласа, Пентагондан бир ой ичида ИШИДни йўқ қилиш режасини ишлаб чиқишни талаб этади.

Трамп Филадельфиядаги чиқиши вақтида АҚШнинг НАТОдаги иттифоқчиларидан бюджетнинг 2 фоизини мудофаа соҳасига ажратишни талаб қилиши ҳақида ҳам айтган.

Жорий ҳафтада республикачи номзод 88 нафар америкалик собиқ генерал томонидан қўллаб-қувватланаётгани маълум бўлганди. Истеъфодаги бу ҳарбийлар "Америка қўмондон тимсолидаги етакчига муҳтож эканини" билдиришган.

Шу билан бир вақтда Трампнинг рақиби, демократ Ҳиллари Клинтон ҳарбийлар ҳамроҳлигида видеоролик билан чиқиш қилди, унда Трампнинг сиёсати танқид остига олинган.

Ўтган ҳафта охирида Дональд Трамп сайловолди кампанияси бошланганидан бери илк марта нуфуз бўйича Ҳиллари Клинтонни ортда қолдираётгани маълум бўлганди.

Социологлар Трампнинг нуфузи партия ичида ҳам ўсаётганини қайд этишган.

Мавзуга оид