Фан-техника | 15:39 / 01.10.2016
14691
2 дақиқада ўқилади

Samsung компанияси ўзининг янги авлод юпқа смартфонини тақдим этди

Samsung Electronics компанияси янги авлод Galaxy A8 смартфонини расман тақдим этди. У ўтган йилнинг ўрталарида сотувга чиқарилган ва компаниянинг энг ингичка смартфони бўлиб турган Galaxy A8 ўрнини эгаллайди. Янги маҳсулот аввалгисига қараганда қалинроқ эканини яққол кўриш мумкин.
 
Янги Samsung Galaxy A8 олдингиси каби — 5,7-дюймли, 1920 × 1080 пиксел ўлчамли  Super AMOLED дисплейга эга. Процессори ҳам саккиз ядролигича сақлаб қолинган бўлса-да, чип модели ўзгартирилган. Qualcomm Snapdragon 615 ўрнига Samsung Exynos 7420 ўрнатилган.

Оператив хотира ҳажми 2 Гбдан 3 Гбга кўпайтирилган. Батареяси қуввати ҳам 3050дан 3300 мА•сга оширилган. Телефоннинг доимий хотираси 32 Гбайтни ташкил этади.

Фотоимкониятлари бирмунча ўзгаришларга дуч келган. Асосий камераси 16 мегапикселлигича қолган бўлса, олд камера 5 эмас, 8 мегапикселли камерага алмаштирилган. 

Янги смартфоннинг вазни ҳам сезиларли оғирлашган (182 грамм, аввалгиси 151 грамм  эди) ва қалинлашган (7,2 мм, аввалгиси 5,9 мм).

Бутунлай металл корпусга эга Samsung Galaxy A8 шунингдек, бармоқ изларини сканер қила олади. Смартфон Android 6.0.1 Marshmallow дастурий таъминотида фаолият юритади ва Always On функциясига эга (доимо ёрқин экран соат ва бошқа хабарларни кўрсатиб туради).

Жанубий Кореянинг SK Telecom мобиль оператори Samsung Galaxy A8 учун буюртмалар қабул қилишни бошлаган. Смартфон нархи 649 минг вон (590 долларга яқин) экани айтилмоқда.

Мавзуга оид