Жамият | 11:26 / 05.10.2016
28936
3 дақиқада ўқилади

5 октябрь тонги. Тошкент чорраҳаларидан бирида светофор йўқлиги туфайли автобус ва енгил машина тўқнашиб, бир инсон ҳалок бўлди

5 октябрь тонгида Тошкент шаҳрида йирик йўл транспорти оқибатида бир инсон ҳаётдан кўз юмди ва кишиларга моддий талофатлар етказилди. Йўловчи ташувчи автобус катта тезликда келаётган “Ласетти” русумли машина билан тўқнашиши натижасида ана шундай мудҳиш ҳолат юз берди. Энг аянчлиси бунга ҳар икки томонни ҳам айблаб бўлмайди, балки бошқа сабабларни келтириб ўтишга тўғри келади.

Фалокат аслида қандай содир бўлди?..

Метронинг “Новза” станцияси чорраҳаси, аниқроғи, Муқимий ва Бунёдкор кўчалари чорраҳасида 5 октябрь, соат 5:30-6:00лар атрофида йўловчи ташувчи автобус ва “Ласетти” русумли машиналар ўзаро тўқнашиб кетди. Муқимий кўчасидан келаётган автобус Бунёдкор кўчаси бўйлаб ҳаракатланаётган енгил машинага бориб урилади. Бунинг оқибатида енгил машина бошқарувида бўлган аёл воқеа жойида жон беради. Бу ЙТҲда ким айбдор - бу йўл патрул хизмати ходимларининг вазифаси, аммо биз масалага ўзгача ёндашмоқчимиз.

Гувоҳларнинг ҳамда автотранспорт эгаларининг сўзларига кўра, ушбу катта чорраҳада 2-3 кундан бери йўл чироқлари йўқ. Борлари янги кўприк қурилиши муносабати билан олиб ташланган. ЙПХ ходимлари исталган, ҳа, куннинг исталган вақтида чорраҳада туришади. Қолган пайтларда эса ана шундай улкан чорраҳада ҳаракатланувчи автоуловлар ўзлари билганича иш тутади.

Шу ўринда, мазкур чорраҳа кўчаларидан бири Муқимийда жойлашган 173-мактаб рўпарасидаги пиёдалар ўтиш йўлаги яқинида ҳам йўл чироқлари мавжуд эмас. Мактаб ўқувчилари эса "бир амаллаб" таълим даргоҳига ўтиб олишади.

Биз тушунамиз, йўлда қурилиш ишлари кетмоқда...

Биз тушунамиз, ҳаммаси 2-3 кун ичида ҳал бўлади...

Аммо, бу ҳақида аҳоли олдиндан хабардор қилиб қўйилса бўларди-ку?!

Қуёш осмон узра инди. Бир неча соатлар муқаддам ўлим билан якунланган ЙТҲ юз берган чорраҳада аввалгидек ҳаракат бошланди ва у ерда, ажабки, ЙПХ ходимлари ҳам қад ростлади. Йўл чироқлари ҳам ўрнатила бошланди. Демак бўлиб ўтган воқеа моҳиятига етиб борилибди, бундан кейин мана шундай нохуш ҳолатлар юз бермаслиги учун ҳаракатга келинибди. Борига шукур...

Хулоса ўрнида

Инсон бошига бирор-бир мусибат тушганида, юрак тўлқинланиб кетади. Агар бу мусибатда инсон ҳаёт билан видолашса, янада чуқур ғам қамраб олади. Бироқ буларнинг бари нари борса, ярим-бир соат ичида унутилади. Аммо.. Ўша ҳалок бўлган ёки жабрланган кимсанинг яқинлари, оила аъзолари-чи? Бу воқеа уларнинг қалбида, хотирасида мангу қолмайдими? Бу мусибат ўз ортидан бошқасини олиб келмайдими? Янада даҳшатлиси, масъул одамлар ўз виждонларига бу ишларни қандай сиғдира олишади? Саволлар доимгидек кўп, аммо жавоб бериш эса бизга эмас, сизга ҳавола...

Сарвар Анвар ўғли

Мавзуга оид