Жаҳон | 11:23 / 07.10.2016
14739
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Россия саволларига жавоб беришга тайёр

Фото: AP

АҚШ ўзи етакчилигидаги халқаро коалициянинг Сурия қўшинларига зарбалари хусусида Россия саволларига жавоб беришга тайёр. Бу ҳақда Пентагон матбуот котиби Питер Кук Америка мудофаа маъмуриятида ўтказилган брифингда маълум қилган.

"Менинг билишимча, биз русларга қарши ҳеч нарса режалаштираётганимиз йўқ. Агар уларда саволлар бўлса, жавоб бериш учун барча чораларни қўллаймиз, биз бошқа саволларга ҳам жавоб беришга ҳаракат қилганмиз", — деган Кук.

Унинг сўзларига кўра, Сурия армиясига берилган ҳаво зарбалари билан боғлиқ ҳодиса ўрганилмоқда, унинг натижаларини олдиндан айтиш мушкул. 

Эслатиб ўтамиз, ИШИДга қарши халқаро коалиция самолётлари 17 сентябрь куни Дайр аз-Зор аэродроми яқинида террорчилар қуршовида қолган Сурия армияси кучларига ҳаво зарбалари берган эди. Сурия ҳукумати маълумотларига кўра, 83 киши ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ одам яраланган. Ушбу зарбалардан сўнг, ИШИД жангарилари Сурия армияси томон ҳужумга ўтган. АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги халқаро коалициянинг Дайр аз-Зордаги ҳаво зарбалари хато туфайли берилганини тан олиб, Сурия ҳукуматига афсусини изҳор қилди. 

Аввалроқ, Россия ТИВ мазкур зарбалар бўйича суриштирув ўтказиш зарурлиги ҳақида баёнот берган эди. Россия томони фикрича, ушбу ҳаво зарбалари ҳақиқатдан ҳам хато туфайли берилганми, ёки Башар Асадни ағдариш мақсадида қасддан террорчиларга ёрдам бериш учун амалга оширилганини аниқлаш лозим бўлади.

Мавзуга оид