Жамият | 18:17 / 13.10.2016
21762
3 дақиқада ўқилади

Ислом Каримов хотирасига бағишланган қорилар танлови ўтказилди

Фото:muxlis.uz

Ҳижрий йилни бошлаб берувчи Муҳаррам ойининг номи луғатда «ҳурматланувчи», «улуғланувчи» деган маъноларни англатади. Муборак Муҳаррам ойи ва фазилатли Ашуро кунида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти бўлган Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасига бағишлаб, жорий йилнинг 12 октябрь куни “Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний” ўрта махсус ислом билим юртида “Билимлер беллескенде” танлови ўтказилди. Бу ҳақда muslim.uz ёзмоқда.

Танлов бошида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти бўлган Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасига бағишлаб Қуръон хатм қилинди. 

 Танловни Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси, Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юрти мудири Баҳоуддинов Шамсуддин кириш сўзи билан очиб берди ва танлов иштирокчиларига омадлар тилади.

Танловда билим юрти 2-курс талабаларининг “Зиё” гуруҳи, 3-курс талабаларининг “Бухорий издошлари” ва 4-курс талабаларининг “Беруний авлодлари” жамоалари иштирок этишди. Улар тўртта шарт бўйича ўзаро беллашдилар. Танловда билим юрти мудир ўринбосарлари, услубий бирлашма раиси, мутахассис фани ўқитувчиси ва умумтаълим фанлар ўқитувчисидан иборат беш киши ҳакамлар ҳайъати аъзолари бўлиб, танловга ҳакамлик қилди.

Биринчи шартда таништирув шарти бўлиб жамоалар ўзлари жамоа номи, унга берилган таъриф ва жамоа аъзолари ҳақида қисқа маълумот бериб ўтдилар. Қўшимча слайд ҳамда видео ролик ишларидан фойдаланилди.

Иккинчи шартда ҳар бир жамоа сардори ҳакамлар ҳайъати томонидан тайёрланган конвертлардан бирини танлаб, жамоадан келишган ҳолда бир киши саволларга жавоб берди.

Учинчи шартда ҳакамлар ҳайъати томонидан тайёрланган 10 та тезкор савол кетма-кетликда гуруҳ сардорларига ўқиб эшиттирилди ва жавоблар ўз навбатида белгилаб борилди.

Тўртинчи шартда эса ҳар битта жамоа “Таълим соҳасига оид” йигирма дақиқали саҳна кўринишларини тайёрлаб, ўз чиқишларини намоён қилди. 

Қизғин ва муросасиз кечган беллашув натижаларига кўра, биринчи даражали диплом билан 2-курс талабаларининг “Зиё” жамоаси, иккинчи даражали диплом билан 4-курс талабаларининг “Беруний авлодлари” жамоаси, ва учинчи даражали диплом билан 3-курс талабаларининг “Бухорий издошлари” жамоаси тақдирландилар. Шунингдек, билим юрти томонидан қиммат баҳо эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.

 

Мавзуга оид