Жаҳон | 07:37 / 17.10.2016
7555
1 дақиқада ўқилади

Хитой бошқарилувчи коинот кемасини фазога учирди

Фото: Globallookpress.com

Хитой ер атрофи орбитасига бортида иккита тайконавт (фазогир) бўлган "Шэньчжоу-11" бошқарилувчи коинот кемасини учирди. Кема парвози CCTV телеканали орқали намойиш қилинган.

Кема Тошкент вақти билан 04:30 да Ганьсу вилоятидаги Цзюцюань космодромидан "Чанчжэн-2F" ракета-ташувчи ёрдамида коинотга юборилган.

Кема бортида экипаж сардори Цзин Хайпэн ва унинг шериги Чэнь Дун бор. Хайпэн аввалроқ 2008 йил ва 2012 йилларда коинотга сафар уюштирган.

"Шэньчжоу-11" орбитада 15 сентябрда учирилган "Тяньгун-2" коинот лабораторияси билан туташиши керак. Бу ерда фазогирлар тиббий, илмий ва бошқа тажрибалар ўтказадилар.

Ҳаммаси бўлиб тайконавтлар орбитада 33 кун бўладилар, ундан 30 кунини лабораторияда ўтказадилар. Улар шу тариқа Хитой космонавтикаси тарихида орбитада энг узоқ қолиш бўйича рекорд ўрнатадилар.

2017 йил апрелда биринчи Хитой юк кемаси "Тяньчжоу-1" станцияга ёқилғи ва озиқ-овқат етказади.

Мавзуга оид