Ўзбекистон | 14:54 / 26.10.2016
9455
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон президенти муносабатларни мустаҳкамлаш чоралари учун Мирзиёевга миннатдорчилик билдирди

Фото: UzReport

Қирғиз Республикаси Давлат раҳбари Алмазбек Атамбаев Ўзбекистон Республикаси Президенти в.б. Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқот ўтказди. 26 октябрь куни Қирғизистон ва Ўзбекистон давлат раҳбарлари телефон орқали суҳбатлашгани ҳақида Атамбаев матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Ўзаро мулоқот чоғида томонлар ўзбек-қирғиз ҳар томонлама ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилишган. 

Алмазбек Атамбаев, шунингдек, Президент в.б. Шавкат Мирзиёевга, Ўзбекистон раҳбариятининг икки томонлама муносабатлардаги долзарб масалаларга жиддий эътибор қаратаётгани, икки давлат ўртасидаги яхши қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлашни қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорчилик билдирган. Қирғиз раҳбари биродар Ўзбекистон халқига тинчлик ва фаровонлик тилаган, дейилади хабарда. 

Аввал маълум қилганимиздек, бугун 26 октябрь куни Ўзбекистон делегацияси Қирғизистон Республикасига ташрифни амалга оширади. Бундан кўзланган асосий мақсад  – ўзаро қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш ҳисобланади. 

Октябрь ойи бошида Мухамметкали Абулгазиев бошчилигидаги Қирғизистон делегацияси Ўзбекистон томони таклифи билан Андижон вилоятига ташриф буюрган ҳамда қирғиз-ўзбек муносабатларини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга қаратилган тадбирларда иштирок этган эди. 

 

Мавзуга оид