Жаҳон | 18:42 / 01.11.2016
5171
2 дақиқада ўқилади

БМТ Ҳалабдаги барча томонлар ҳаракатини ҳарбий жиноятлар деб баҳолаши мумкин

Фото: RIA

Ҳалабни мухолифат кучлари ва ҳукумат кучлари томонидан ўққа тутиш бирдек ҳарбий жиноятлар сифатида баҳоланиши мумкин. Бунинг учун ушбу зарбаларнинг қасддан амалга оширилгани исботланиши керак, деган БМТ инсон ҳуқуқлари Олий комиссарлиги бошқармаси матбуот котиби Равина Шамдасаний.

"Дам олиш кунларида ғарбий Ҳалаб туманларидаги тинч аҳоли тураржойларига мухолифат зарба беришни кучайтиргани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бунда, миномётлар, ракета ва бошқа турдаги портловчи қуроллардан фойдаланилган. Биздаги маълумотларга кўра, 30дан ортиқ тинч аҳоли вакили қурбон бўлган, уларнинг камида 10 нафари болалардир", — деган Шамдасаний.

Унинг сўзларига кўра, "бир миллиондан ортиқ инсон истиқомат қиладиган ҳудудларда оғир жанговар қуроллар ва хавфли портловчи воситалардан фойдаланиш, халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра, ҳарбий жиноятлар сифатида баҳоланиши мумкин". 

Ҳозирча, БМТ Олий комиссарлиги бошқармаси мазкур ҳужумларни мухолифатнинг қайси гуруҳлари амалга оширгани борасида аниқ далилга эга эмас. 

Шамдасанийнинг қўшимча қилишича, ҳукумат кучлари ҳам шарқий Ҳалабга зарба беришда давом этмоқда. Бунинг оқибатида 12 киши, жумладан 2 нафар бола ҳалок бўлган. 


 

Мавзуга оид