Марҳум шоир Абдулла Орипов ҳаёти ва ижоди
Абдулла Орипов 1941 йил 21 мартда Қашқадарё вилояти Косон тумани Некўз қишлоғида дунёга келди. 1958 йилда ўрта мактабни олтин медаль билан тамомлаган Орипов Тошкент Миллий университетининг журналистика факультетига ўқишга кириб, уни ҳам 1963 йилда имтиёзли диплом билан якунлайди. «Ёш гвардия» (1963-69), Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётларида муҳаррир (1969-74), «Шарқ юлдузи» журналида адабий ходим, бўлим мудири (1974-76), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи (1976-82), масъул котиб (1985-88), Тошкент вилоят бўлимида масъул котиб (1982—83), «Гулхан» журналида муҳаррир (1983-85), 1996 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, айни вақтда, Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш давлат агентлиги раиси лавозимларида фаолият юритган.
Шоир ва жамоат арбоби, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг «Тилла балиқча», «Мен нечун севаман Ўзбекистонни» сингари дастлабки шеърлари талабалик йилларида ёзилган ва ўзбек шеъриятига янги, истеъдодли, ўзига хос овозга эга шоирнинг кириб келаётганидан дарак берган. Кўп утмай, «Митти юлдуз» (1965) илк шеърлар тўпламининг нашр этилиши шеърият мухлисларида пайдо бўлган шу дастлабки тасаввурнинг тўғри эканлигини тасдиқлаган. Шундан кейин шоирнинг «Кўзларим йўлингда» (1966), «Онажон» (1969), «Руҳим», «Ўзбекистон» (1971), «Хотирот», «Юртим шамоли» (1974), «Юзма-юз», «Ҳайрат» (1979), «Нажот қалъаси» (1981), «Йиллар армони» (1983), «ҳаж дафтари», «Муножот» (1992), «Сайланма» (1996), «Дунё» (1999), «Шоир юраги» (2003) сингари шеърий китоблари нашр этилган.
Орипов ўзбек шеъриятига ўтган асрнинг 60-йилларида собиқ совет жамиятида эса бошлаган янги шабаданинг элчиси сифатида кириб келди. У дастлабки шеърларидан бошлаб миллий шеъриятда янги поэтик тафаккурнинг қарор топиши йўлида
ижод қилди; турмушда пайдо бўла бошлаган янгича қарашлар, кишиларнинг руҳий оламидаги эврилишлар, фикр ва хатти-ҳаракат эркинлигига бўлган эҳтиёж Орипов шеърларининг ғоявий мундарижасини белгилаб берди.
Ориповнинг дастлабки шеърларидаги романтик кайфият аста-секин ўз ўрнини фалсафий мушоҳадаларга бўшатиб, шоирнинг ҳаётда рўй бераётган воқеа ва ҳодисаларга муносабати фаол тус олди. Шу маънода «Тилла балиқча», «Қўриқхона», «Генетика», «Оломонга» каби шеърлар Ориповнинг лирик шеърият уфқларини ҳаёт муаммолари тасвири ҳисобига кенгайтириб бораётганидан дарак берди. Худди шу нарса Ориповнинг достон жанрига мурожаат этиши ва лиро-эпик тасвир имкониятларидан самарали фойдаланишига сабабчи бўлди. Абдулла Орипов «Жаннатга йўл» (1978), «Ҳаким ва ажал» (1980), «Ранжком» (1988) каби достонларида маънавият масалаларига алоҳида эътибор бериб, кишиларнинг руҳий оламидаги айрим қусурлар билан илмий-техник тараққиёт ва тафаккурнинг парвози ўртасидаги зиддиятни очиб ташлади.
Умуман, Ориповнинг шеър ва достонларида олға сурилган маънавий муаммолар мустақиллик даврида, айниқса, долзарб аҳамият касб этиб, шоирнинг худди шу масалалар тасвирида ўз даврига нисбатан (уларнинг аксари 90-й.ларга қадар ёзилган) илғорлаб кетганини намойиш этди. Унинг ижодида, бир томондан, Ғафур Ғулом лирикасига хос фалсафийлик кўзга ташланса, иккинчи томондан, Ҳамид Олимжон шеърларига хос мусиқий равонлик ва бадиий соддалик акс этиб туради. Мазкур 2 манба Орипов шеърларида ўзаро туташган ҳолда орифона шеъриятнинг асосий хусусиятларини ифодалаб келади.
Шоирнинг сўнгги йиллар лирикасида туйғу ва кечинмалар тасвири сусаймаган ҳолда яна бир муҳим фазилат бор. Бу, Орипов шеърларига лиро-эпик тасвир унсурларининг кўплаб кириб келишидир. У мустақиллик йилларида адабиётнинг ранг-баранг тур ва жанрларида ижод эта бошлади. Шу даврда тарихий адолатнинг тикланиши, ўтмишда яшаган саркардалар ва алломалар хотирасининг эъзозланиши Ориповни Амир Темурнинг Ўрта Осиё халклари тарихий тақдирида ўйнаган буюк ролини кўрсатувчи «Соҳибқирон» шеърий драмасини (1998) ёзишга илҳомлантирди. Халқ шоири бу асарида қарийб уч аср давомида ҳукм сурган қудратли Темурийлар салтанатининг асосчиси ва XV аср Шарқ Уйғониш даврининг бошланишига ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий шароит яратган Амир Темур образини ёрқин гавдалантириб берди. Мазкур асар республиканинг барча йирик театрлари ва қардош мамлакатлар саҳналарида катта муваффақият билан ўйналди.
Абдулла Орипов Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳиясининг матни муаллифи экани билан ҳам хотираларда сақланиб қолади. У Наврўз ва Мустақиллик байрамларини ўтказиш бўйича ёзилган аксарият сценарийлар муаллифидир.
Орипов Ёзувчилар уюшмасига раислик қилган кезлари Ўзбекистон энг янги тарихи адабий жараёнига раҳбарлик қилди. Унинг шеърияти Муҳаммад Юсуф каби кўплаб шоирлар ижодининг шаклланишига таъсир кўрсатган.
Абдулла Орипов жаҳон адабиёти дурдона асарларини ўзбек китобхонларига етказишда ҳам самарали меҳнат қилди. У Данте «Илоҳий комедия»сининг «Дўзах» қисмини, А. С. Пушкин, Н. А.Некрасов, Т. Г. Шевченко, Л. Украинка, Р. Ҳамзатов, Қ. Қулиев ва М. Байжиев асарларини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилди. Ўз навбатида, унинг асарлари ҳам рус, инглиз, болгар, турк, украин, туркман, озарбай-жон каби кўплаб хорижий тилларга таржима қилинган. 1990 йилда Ўзбекистон Олий Кенгаши, 1995 йилда Ўзбекистон Олий Мажлиси депутатлигига сайланди. Абдулла Орипов Калифорния (АКШ) Фан, таълим, саноат ва санъат халкаро академиясининг ҳақиқий аъзоси. Сока университети (Япония) профессори. «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Бош таҳрир ҳайъати аъзоси, Ҳамза номидаги ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотлари лауреати эди.
Марҳум шоир, Ўзбек замонавий шеъриятининг “Навоий”си Абдулла Ориповни Аллоҳ раҳмат этсин, яхши амалларини ўзига ҳамроҳ айласин!
Манба: Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси