Инглизча инқилоб ва «Тахтлар ўйини». Якшанбанинг асосий 5 воқеаси
Якшанба кунги ўйинларда Англия чемпионатида яна пешқадам ўзгарди. «Арсенал» ва «Тоттенҳэм» ўзаро дуранг ўйнаб, «Ливерпуль» биринчи ўринга кўтарилди. Испанияда «Реал» ўз учрашувида ғалаба қилиб, пешқадамликни давом эттирди, «Барселона» «Севилья» билан ўйинда Мессининг голи ва голли узатмаси туфайли иккинчи ўринда қолиб, бу жамоани таъқиб қилмоқда. Италияда «Милан» кучли учликка кирди.
Шимолий Лондон дербисидаги тўқнашув
Узоқ вақтдан буён Лондон шимолида бирданига икки жамоа АПЛ чемпионлиги учун чинакамига кураш олиб бормоқда. Турнинг марказий учрашувида «Тоттенҳэм» «Арсенал» майдонига сафар қилди. Айни вақтда «шпорлар» ҳам, «канонирлар» ҳам яхши формада, лекин бу жамоалар ўзларидан кутилган ўйинни намойиш қилишмади. Ўйинда тезлик бўлди, курашлар бўлди, голли вазиятлар бўлди, лекин ўйиннинг мақомидан келиб чиқиб қаралганда, кутилган ўйин бўлмади. Аввалига Виммер автогол урди, меҳмонларнинг жавоб голини Кейн пенальти орқали киритди. Фақат ўйиннинг охирги 20 дақиқалигида «Арсенал» рақибни қамаб, босим уюштирди – бу учрашувдан алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин бўлгани шу. Дарвоқе, дерби дербидек бўлсин қабилида, иккинчи бўлим давомида футболчилар майдондаги бир вазият ортидан бир-бирларига бир муддат "хезланиб туришди".
«Ливерпуль» «Уотфорд»ни йирик ҳисобда енгди ва турнир жадвалида 26 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Иккинчи ўринда «Челси» (25), учинчи ўринда «Манчестер Сити» (24), тўртинчи «Арсенал» (24).
Манкунианликларнинг порлаши
Манчестерликлар ниҳоят катта устунлик кўрсатиб, ғалабага эришган ўйин гувоҳи бўлинди. Бир томондан Моуриньонинг ғоялари «МЮ»да иш бераётгандек, бошқа томондан – «Суонси» бу мавсум тушунарсиз ўйин кўрсатмоқда, жамоа мавсумда фақат битта ғалабага эришди, у ҳам август ойида. Фортуна (ёки Жозенинг мураббийлик даҳоси) манкунианликларга сафарда 3:1 ҳисобидаги ғалабани олиб келди. Ўйиндаги эътиборга молик жиҳат Ибраҳимович ўзининг омадсиз сериясига чек қўйди (бирданига дубль қайд этиб), шунингдек, ҳимояда Жонс — Рохо жуфтлиги яхши тажрибадан ўтди, Поль Погбанинг голи эса мухлисларга манзур бўлди, ниҳоят Руни асосий таркибда тушиб, 2та голга ҳаммуаллифлик қилди. Бу иблисона эртак каби. Шу билан бирга Генрих Мхитарян бу сафар ҳам шерикларининг ҳаракатларини трибунадан туриб кузатишга мажбур бўлди.
АПЛ турнир жадвалида 11 тур ўйинларидан кейин вазият. "Кучли бешлик"
Бундеслига «Лестер»и
Ҳозирча ҳақиқий «Лестер» кейинги ўн йилликдаги асосий футбол эртагини якунлаб, ўз майдонида «Вест Бромвич»га ютқазиш билан банд бўлганида, байроқ «РБ Лейпциг» қўлига ўтган. Бундеслига дебьютанти (тарихда илк марта) 10-турга келиб, турнир жадвалининг иккинчи поғонасига мустаҳкамланиб олган. Бу жамоа очколари сони «Бавария»ники билан тенг. Тим Вернернинг дубли ва Эмиль Форсберг муаллифлигидаги битта гол, яъни лейпцигликларнинг Маҳрези ва Вардисининг ҳаракатлари «Майнц» устидан ишончли ғалаба олиб келди. Шу тариқа, «Қандай қилиб 4 мавсум ичида Германиянинг энг яхши жамоасига айланиш мумкин?» китобининг яна бир саҳифаси ёзилди.
Миланча камбэк
А Сериянинг кучли учлигида кутилмаган жамоа. Бир неча мавсумдан буён Италиядаги мухлислар«Милан»ни ўртамиёна жамоа сифатида кўриб ўрганиб қолишганди. Аммо бу мавсумда Винченцо Монтелла жамоаси 17 ёшли дарвозабон ҳамда 18 ёшли плеймейкер орқали Апеннинга таҳлика солмоқда. «Россонерилар» Сицилияга сафар қилиб, «Палермо» устидан иродали ғалабани қайд этди — 2:1. Энди жамоа ЕЧЛ учун курашиши мумкин. Эски даврлар қайтаётгандек.
Испанияда Тахтлар ўйини
«Атлетико» бу турда мағлубиятга учради ва «Реал» ҳамда «Барселона»ни олдинга қўйиб юборди. «Қаймоқранглилар» «Бернабеу»да «Леганес»дан устун келди, «Барселона» эса «Севилья»га қарши қийин кечган учрашувда иродали ғалабага эришди. «Рамон Санчес Писхуан» стадионида кечган ўйиннинг биринчи бўлимида «Севилья» номдор рақибга имкон бермади. Лекин бўлим охирида мезбонларда ғалабага бўлган ишонч йўқолди. Ўйинда Месси ва Суарес вазиятларни ҳал қилди. Месси фаолиятидаги 500-голини шу стадионда нишонлади. Унинг 43-дақиқада аниқ ҳаракати мезбонларнинг иродасини синдирди. Буюк аргентиналик 61-дақиқада Суаресга голли пас берди. Эндиликда, каталонияликлар жамоаси «Реал» билан ғалабалар сонини тенглаштирган, аммо 2 очко ортда қолмоқда.
Бу ўйинда эътиборга молик яна бир жиҳат Севильяда бўлиб турган актёрлар Эмилия Кларк (Деенерис Таргариен), Питер Динклейж (Тирион Ланнистер), Николай Костер-Валдау (Жейме Ланнистер) ва бошқалар «Севилья» ва «Барселона» ўртасидаги Испания чемпионати 11-турига ташриф буюриш учун вақт топди.
«Атлетико» чемпионлик пойгасидан буткул чиқиб кетиши ҳам мумкин. Жамоа ЕЧЛда ажойиб иштирок этмоқда, аммо Испания чемпионатида етакчилар билан фарқ катталашмоқда. Диего Сиемонеда таркиб билан муаммолар пайдо бўлган. «Реал Сосьедад»га қарши ўйинда жамоанинг мақталган дарвозабони Ян Облак туфайли 2 марта пенальти белгиланди ва иккита гол ўтказилди. «Атлетико» эндиликда «Реал»дан 6 очко ортда қолмоқда. Лекин кейинги турда Мадрид дербиси бўлиб ўтади ва бу фарқни қисқартириш учун яхши имконият мавжуд.
Мавзуга оид
13:34 / 11.11.2024
«Барса» ўйинида можароли қарор, Шомуродов яна мураббийсиз қолди. Кун ўйинлари
15:52 / 10.11.2024
«Арсенал»да ҳам инқироз. Бунинг сабаблари нимада?
12:28 / 07.11.2024
«Вилла» ўйинида аҳмоқона пеналти, «Барса» истаганча гол урмоқда. Кун ўйинлари
12:26 / 04.11.2024