Жаҳон | 15:51 / 09.11.2016
9890
2 дақиқада ўқилади

Трампга бутун дунёдан табриклар келиб тушмоқда

Фото: AFP

Давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлар раҳбарлари АҚШ президенти этиб сайланган Дональд Трампга ўз табрикларини йўллашмоқда. 

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Трампни қутлаб, у билан тез кунларда учрашишни интизорлик билан кутаётганини маълум қилди ва трансатлантик алоқаларнинг муҳимлигини ёдга солди. 

Европарламент раҳбари Мартин Шульц эса АҚШнинг янги сайланган президенти "Евроиттифоқнинг барча институтлари эҳтиромига лойиқлиги"ни таъкидлади. 

Ўз навбатида, Украина бош вазири Владимир Гройсман америкаликларни янги президент сайланганлиги билан табриклади ҳамда "янги маъмурият Украинани қўллаб-қувватлашда давом этиши"га умид билдирди. 

Шунингдек Трампга Буюк Британия, Испания, Венгрия, Туркия, Миср, Япония ва бошқа кўплаб мамлакатлардан табриклар келиб тушмоқда. 

Барак Обамани ҳақорат қилган Филиппин президенти Родриго Дутерте эса "Трампни ғалаба билан чин дилдан қутлаш истаги" ҳақида маълум қилди. 

Бундан аввал Россия президенти Владимир Путиннинг Трампга табрик телеграммаси юборгани ҳамда икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни ижобий томонга ўзгартиришга умид билдиргани тўғрисида хабар берилди. 

9 ноябрь, чоршанба куни республикачи Дональд Трамп сайловчиларнинг етарлича овозини тўплаб, АҚШ президенти сайловларида ғалаба қозонди. Трамп Ҳиллари Клинтоннинг унга қўнғироқ қилгани ва сайловлардаги мағлубиятини тан олгани ҳақида маълум қилди.

Мавзуга оид