Жаҳон | 23:42 / 18.11.2016
18494
2 дақиқада ўқилади

Reuters: Улюкаевнинг ҳибсга олиниши Россия ҳукуматида қўрқув уйғотди

Россиянинг собиқ иқтисодий ривожланиш вазири Алексей Улюкаев ҳибсга олиниб, уй қамоғига маҳкум қилингандан кейин Россия ҳукумати ичида "саросима" ҳукм сурмоқда. Бу ҳақда анонимлик шарти билан суҳбатлашган бир неча амалдорларга иқтибос келтирган ҳолда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Ахборот агентлигининг таъкидлашича, Улюкаевнинг ҳибсга олиниши Москва сиёсий элитасида қўрқув уйғотган. Манбаларнинг айтишича, вазирлар орасида бўлиб ўтган воқеа сабабли "саросима" бошланган.

Манбаларнинг таъкидлашича, янги ҳибсга олишлар юз бериши эҳтимоли бор. Улардан бири вазирнинг ҳибсга олинишини собиқ иттифоқ вақтида компартиянинг юқори лавозимдаги амалдорларининг ҳибсга олинишига қиёслаб, бу ҳибсга олишлар кўпинча ё ўлим жазоси, ё меҳнат лагерларига жўнатиш билан якунланганини қўшимча қилди.

Манба "энди барчамиз синчков кузатув остидамиз" деб айтган. Унинг таъкидлашича, унинг танишларидан баъзилари давлат хизматидан кетишни ўйлаётганлари, бироқ бу ҳибсга олишдан халос қилмаслигидан кўрқаётганларини айтган. "Сен қочиб қутула олмайсан", деб айтган амалдор.

2 млн доллар пора олишда айбланаётган Улюкаевнинг ҳимояси суднинг қарори юзасидан шикоят берган. Москва шаҳри суди бу аппеляция шикоятини кўриб чиқишни 28 ноябрга белгилаган.

 

Мавзуга оид